Кўп миллатли Зафарободда аҳиллик ва меҳнат қадри улуғланди
Бугун Янги Ўзбекистон ғояси нафақат юксак минбарларда, балки маҳаллалар ҳаётида, инсонлар бирдамлиги ва меҳнат қадрида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, турли миллат вакиллари аҳил яшайдиган юртларда ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамланиб, умумий мақсадлар атрофида бирлашиш ҳисси кучаймоқда.
Навоий вилояти Конимех туманининг кўп миллатли Зафаробод маҳалласида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида маҳалланинг 55 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев ҳамда Навоийуран давлат корхонаси Бош директори Жамол Файзуллаев иштирок этиб, йиғилганларни касб байрами билан самимий табриклади.
Байрам давомида мамлакатимизда кончилик ва металлургия соҳасида меҳнат қилаётган инсонларнинг заҳмати, уларнинг иқтисодиёт тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Айниқса, узоқ йиллик ҳалол меҳнат, фидойилик ва ватанпарварлик бугунги тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори экани таъкидланди.

Тантанали тақдирлаш маросимида 24 нафар соҳа илғорлари II ва III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди. Бу эътироф нафақат уларнинг меҳнатига берилган баҳо, балки ёш авлод учун ҳам меҳнатга ҳурмат ва садоқат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Байрам тадбирида янграган куй-қўшиқлар, самимий табриклар ва кўп миллатли аҳолининг аҳиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ” ғоясининг ҳаётдаги амалий ифодаси эканини яна бир бор намоён этди.
Н.Раҳмонова, ЎзА