Сунъий интеллект журналист ўрнини боса оладими? – Мутахассис жавоб берди
Бугунги кунда сунъий интеллект журналистика соҳасида ахборотни тезкор йиғиш, таҳлил қилиш ва аудиторияга самарали етказишда муҳим воситага айланмоқда. У катта ҳажмдаги маълумотларни қисқа вақт ичида саралаб, фактларни текшириш, статистик таҳлил қилиш ва материал тайёрлаш жараёнларини енгиллаштиради.
Шу билан бирга, сунъий интеллект журналистларга вақтни тежаш, долзарб мавзуларни аниқлаш ҳамда мультимедиа контент яратиш имкониятини беради. Аммо технология инсон ижодкорлиги ва таҳлилий фикрлаш ўрнини тўлиқ боса олмайди, аксинча, журналист фаолиятини янада самарали ва замонавий қилишга хизмат қилади.
Хўш, бу ҳақда Алфраганус университети Филология факультети Шарқ филологияси кафедраси катта ўқитувчиси, фан доктори (DSc) Нормурод Авазов қандай фикрда? Устоз билан суҳбатимиз айнан журналистикада сунъий интеллектнинг аҳамияти ҳақида бўлди.
– Бугунги рақамли даврда сунъий интеллект ва ижтимоий тармоқлар ахборотни жуда тез тарқатмоқда, – дея сўз бошлади Н.Авазов. – Бу эса таҳлилий журналистика олдига катта масъулият юклайди. Айниқса, сунъий интеллектнинг журналистика соҳасига кириб келиши бир томондан қулайлик яратган бўлса, иккинчи томондан айрим муаммоларни ҳам юзага чиқармоқда. Чунки, бугунги ёш журналистлар ва мухбирлар кўпинча сунъий интеллектга ҳаддан ташқари ишониб қолмоқда. Натижада мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш, матн ёзиш ва уни таҳрирлаш қобилияти аста-секин сустлашиб бормоқда.
Аслида эса ҳақиқий журналист ҳар қандай ахборотни чуқур ўрганиб, уни таҳлил қила олиши керак. Сунъий интеллект фақат ёрдамчи восита бўлиши мумкин, аммо у журналистнинг ижодкорлиги ва тафаккурини алмаштира олмайди. Айниқса, таҳлилий журналистикада фактларни текшириш, манбаларни солиштириш ва хулосаларни асосли бериш жуда муҳим ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда эса кўплаб текширилмаган ёки нотўғри маълумотлар тез тарқалади. Шу сабабли, журналист ҳар бир маълумотга танқидий ёндашиши зарур.
Бундан ташқари, матн устида ишлаш ва таҳрир санъатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Чунки, кучли таҳлилий мақола фақат маълумот билан эмас, балки чуқур фикр, саводли ёндашув ва тўғри таҳлил билан қадрланади. Агар бўлажак журналистлар ўз устида ишласа, китоб ўқиса, кузатувчан ва изланувчан бўлса, улар сунъий интеллектга тўлиқ қарам бўлиб қолмайди. Демак, бугунги даврда таҳлилий журналистиканинг ишончлилигини сақлаб қолиш учун мустақил фикрлаш, фактларни текшириш, таҳрир маданияти ва ижодий ёндашув энг муҳим омиллар ҳисобланади.
– Ижтимоий тармоқларда машҳурлик ортидан қувиш журналистиканинг сифатига қандай таъсир қилмоқда ва бу ҳолат профессионал журналистиканинг келажагига хавф туғдирмайдими?
– Айрим блогерлар ва интернет сайтларида фаолият юритаётган шахслар журналист этикаси ва эстетикаси қоидаларига тўлиқ риоя қилмаётгани ҳам кузатилмоқда. Натижада сенсация ортидан қувиш, текширилмаган маълумотларни тарқатиш ва “олди-қочди” гапларни оммага етказиш ҳолатлари кўпаймоқда. Энг хавфли томони шундаки, баъзан халқ орасида ҳақиқий профессионал журналист билан оддий блогерни ажратиш қийин бўлиб қолмоқда.
Шу сабабли, профессионал журналистиканинг ривожига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса, ёш журналистларни матн билан ишлаш, жанр ва таҳрир сирларини мукаммал ўрганишга йўналтириш керак. Ўзбек журналистикасида Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмаджон Мелибоев ва Дадахон Нурий каби маҳоратли журналистларнинг фаолияти ёшлар учун катта мактаб ҳисобланади.
Шунингдек, Абдулла Қаҳҳор ва Ғафур Ғулом каби ижодкорларнинг публицистик меросини ўрганиш ҳам келажак журналистлари учун муҳим аҳамиятга эга. Демак, ижтимоий тармоқларда машҳурлик ортидан қувиш профессионал журналистикага маълум хавф туғдиради, аммо ҳақиқий билим, тажриба ва журналист этикаси сақланиб қолса, профессионал журналистика ўз мавқеини йўқотмайди.
– Коррупция ёки иқтисодий манфаатлар билан боғлиқ мавзуларни ёритишда журналист қандай йўл тутиш зарур? У таҳдидлардан қандай ҳимояланади?
– Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналистлар қандай ишлаши керак, коррупция ва сиёсат билан боғлиқ мавзуларни қай тарзда ёритиши лозим, деган савол тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки, ҳозирги мураккаб ва тезкор ахборот даврида жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, сиёсий жараёнлар ва ижтимоий масалалар оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилмоқда. Бу эса журналистдан катта масъулият, билим ва маҳорат талаб қилади.
Аввало, ҳар бир журналист ўз соҳасининг қонуний асосларини мукаммал билиши керак. Айниқса, халқаро ҳуқуқ, Конституция ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунларни чуқур ўрганиши муҳим ҳисобланади. Чунки, журналист сиёсий ёки коррупция билан боғлиқ мавзуларни ёритишда фақат аниқ фактлар ва қонуний асосларга таяниб иш олиб бориши лозим.
Саволингизга келсак, агар журналист қонунларни яхши билса, у ўз фикрини эркин ва ишончли тарзда ифода эта олади ҳамда турли босим ва нотўғри айбловлардан ўзини ҳимоя қила олади. Шу маънода, журналист халқнинг ишончли вакили ва у бундай масъулиятни ҳар қандай вазиятда ҳис эта олиши зарур.
Бахтибек Мамасодиқов суҳбатлашди,
ЎзА