Конституциявий суд ҳимояси кучаяди: Қонун лойиҳаси Сенатга юборилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси Конституция устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини кучайтириш, Конституциявий суд қарорларининг суд амалиётида самарали ижросини таъминлаш ҳамда конституциявий суд ишларини юритишга доир процессуал тартибларни аниқ белгилашга қаратилган нормаларни ўз ичига олган.
Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқини самарали амалга ошириш учун қўшимча ҳуқуқий кафолатлар яратилмоқда. Хусусан, суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган ва судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан шикоят қилиш механизми аниқлаштирилмоқда.

Депутатлар қайд этганидек, мазкур нормалар конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг суд ҳимоясига бўлган конституциявий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
ЎзА