Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади
Бугун парламент қуйи палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш жараёнида яратилган асарларга бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солишда томонларнинг шартномавий эркинлигини таъминлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга Апелляция кенгашига мурожаат қилиш, шу билан бирга, бевосита судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Эътироф этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратиш ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА