Хонадонларга меҳр ва саховат кириб бормоқда
Қарор ва ижро
Тошкент вилоятида Президентининг 2026 йил 21 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, меҳр-саховат тадбирларини ташкил этиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Режага кўра, Тошкент вилоятидаги қарийб 15 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар ва кўмакка эҳтиёж фуқаролар ҳолидан хабар олинади. Бу каби хайрли ташаббуслар орқали “Инсон қадри учун” деган улуғ ғоя амалда ўз ифодасини топмоқда.
Хусусан, мазкур қарор ижроси доирасида Бўстонлиқ туманида истиқомат қилувчи 719 нафарга яқин эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси С.Файзиева ҳамда тегишли масъуллар тумандаги Товоқсой ва Искандар маҳаллаларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга бориб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.

Бундай саховат ва инсонпарварлик руҳидаги тадбирлар халқимиз орасида инсон қадри, меҳр-оқибат, ижтимоий бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари юксак қадрланаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир. Қурбон ҳайити арафасида амалга оширилаётган эзгу ишлар инсонлар қалбида меҳр-мурувват, шукроналик ва бирлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.