Кўнгилни ҳаволантириш саодатдир
Кўпдан кўп тафсилотларни кўриб-кузатиб, анча йиллардан бери битта хулосага келганман: Деновда инсон учун қусур ҳисобланган ҳамма нарсани қилиш ва ҳаттоки ғоздай бўлиб юриш мумкин, аммо бу ерда адолатсизликни яъни умуминсоний қадриятлар мажмуасининг улгуси ўлароқ қарор топган ижтимоий мезонларни оёқости қилсангиз, чойхона иборалари билан айтганда “оқ”ни “қора” ё “қора”ни “оқ” десангиз ва фаолиятингизни шу асосга қурсангиз, деновликлар кечирмайдилар ва ўзлари ҳам ғайри шуурий жазава билан бошингизга шундай кунларни соладиларки, қочгани жой тополмай қоласиз.
Тўғри, замон офатларининг салмоғига етиб бўлмайди – улар муборак ҳадисларда бирма-бир саналган ва улардан омон қолиш йўллари ҳам баён қилинган : Пайғамбаримиз Муҳаммад сололлоҳу алайҳи вассаламнинг суннатларига амал қилмоқ ! О-о, бу–осон эканми! Имом Аъзам Ҳазратлари қози бўлмаслик учун ўзини жинниликка солган ва таклифни рад этганлиги учун зиндонбанд қилишган. Худди Имом Аъзам ҳазратлари замонидек қози бўлмоқ учун пора бермоққа тайёрмиз! Бу тафсилотларни айтиш билан бундан минг йиллар илгари ҳамма Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг суннатларига маҳкам ёпишган эди, ҳозир ундай эмас, ҳамма имонсиз бўлиб кетди деган фикрни мутлақо айтмоқчи эмасман – Одамзод ҳозир қандай бўлса минг йил илгари ҳам табиатан худди шундай эди: порахўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрлик, адолатсизлик... эҳтиёжга яраша, фақат АҚШнинг долларлари бўлмаган ҳалос. Чунки, у замонларда қоғоз пуллар бўлмаганидан ҳозир ҳатто олиб юриш тақиқланган тангаларни... одамлар чарм халтачаларга солиб, олиб юришган, ҳожатини битирмоқ учун ана шу олтин тангаларни харажат қилишган – одамнинг ҳатто ичи ачийди! Имом Аъзам ҳазратлари нега бугуннинг ибораси билан айтганда Олий Суд Раислиги вазифасини қабул қилишдан кўра ўзини жинниликка солиб, зиндонда ётишни , у ерда калтакланишни аъло билди? Чунки, ул зот Аллоҳнинг қаҳридан, жаҳаннамнинг оташидан бениҳоя даражада кўп қўрқар эдилар. Ана шундай муборак одамлар борлиги учун ҳам тоғлар жойида турипти, акс ҳолда улар қум зарралари сингари осмону-фалакда учиб юрар эдилар!
Таънасиз қилинган хизмат одамнинг кўксини тоғдай кўтаради деган гапларни уламоларнинг китобларида ўқиганмиз. Агар одамнинг кўкси баланд бўлса, дуч келган одам унга оёқ қўёлмас экан-да,–деновлик уддабуронлар Юнус Ўроқовни йўриғига юргизолмаганлигининг сабаби ҳам, балки шундандир.
Денов тиббиёт тизимида олиб борилаётган самарали ишларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аммо бу ишлар жараёнида Юнус Ўроқовнинг иштироки кўзга ташланмайди – шундай кўп ишларни, энг муҳими 3,5 мингга яқин киши тизимда ишлайдиган ташкилотдаги аҳиллик, кўтарингки кайфият, фидокорлик каби ишларни амалга ошириб, 350 беморга донорлик қилиб қон бериб ҳеч нарса бўлмагандай назардан четда жим туриш учун... одам қандай бўлиши керак? Бош табиб ўз қонини касалларига бериш... Ахир, бир тадбиркор кўчага бир туп кўчат экса, телевизорни ҳеч кимга бермайди, Юнус Ўроқов тумандаги катта тизимида шунча ишлар қилса-ю, ҳеч нарса қилмагандай миқ этмай юрса... Фарзандларингизни ҳалол луқма билан боқинг деган ҳадисларни энди-энди ўқияпмиз. Ҳозир ҳам худди аввалги замонлардагидек катта-катта амалдорларнинг фарзандлари ноқобил чиққанига ҳайрон қолиб юрамиз.
Ҳаром мол, агар у тановвул этилса, кўнгилни ўлдириб, юзни қора, имонни пароканда қилишига иқрор бўлмасликнинг мутлақо иложи йўқ.
Деновда пул дарё бўлиб оқади, фақат кўзга кўринмайди, халос. Бу ерда нафақат туманнинг, балки вилоятнинг об-ҳавосини белгилайдиган шундай пулдорлар борки, ХХ асрда “мен-менман” деган туман “оға”ларини “ўзиники” қилиб олган. Хонаси келди, ХХ асрнинг етмишинчи йилларидан бир ривоят қилиб берайин: туман оғаси шаҳар савдо ташкилотининг раҳбарини ҳузурига чақириб фалон бичимдаги, фалон тусли икки жуфт костюм топинг деб амр қилипти. Бир ҳафта ўн-кунда буюртма ҳозир бўлавермагач, зудлик билан ҳалиги раҳбарни чақириб: “Нега йўқ бўлиб кетдингиз?” дебди. “Э, фалончи ака одамларимиз Душанбега ҳам бориб келди, сиз айтган костюм ҳеч жойда йўқ” деса, салтанат соҳиби “Ленинградда ҳам йўқ, эканми!” деган экан.
Яқиндаги бир ҳолатни ҳам айтиб ўтиш лозимга ўхшайди. Туман ташкилот раҳбарларидан бири деновлик бир йигит билан бир хил костюм-шимда давра айланиб юрипти. Ўтирганлардан бири : кўряпсизми, шу йигит эртага катта бўлади. Не кўз билан кўрайки, бир ҳафта ўтар-ўтмас ўша йигит катта ишга ўтиб кетди.
Мен кўп йиллардан бери радио эшитаман. Ишхонамда радио бор. Мен сизга айтсам мусиқа тинглаш масаласида баъзилардек эмасман. Отажон Худойшукуров айтган “Хоразм сегоҳи”, “Катта суворалар”ни тинглаш учун хамма ишларимни йиғиштириб қўяман. Дилнура Қодиржонованинг авжлари ҳам мени ҳайратга солади. Мен айтаман: энди бу авжларга ҳеч кимнинг қўли етмайди. Қабринг нурга тўлгур Дилнура мумтоз қўшиқлар ижросини шу даражада баландга кўтариб ташладики, унинг пойида ҳали кўп йиллар минғирлаб юрсак керак. Сизга бир гапни айтайинми – қабринг нурга тўлгур Отажон Худойшукуровнинг, Дилнура Қодиржоноваларнинг авжлари одамни кўнглини тоғдай кўтаради! “Кўтаради” деган ибора жуда ғариб бундай қўшиқларни эшитган одам ҳаволанади: ана шу ибора тўғри! Кўнгилни ҳаволантириш эса – саодатдир : мен ҳар сафар “Лисон ут тайр”нинг охирига борганда шундай кайфиятга тушиб қоламан. Вужудимга аллақандай куч қуйилиб кела бошлайди. Кўнгилнинг ҳаволанишида эса гап кўп : қўлтиғингиздан гўёки қанот ўсиб чиқади, одим отганингизда оёғингиз ердан узилади, осмон-фалакларга учгингиз келаверади. Қайсидир йили Зайниддин Зидан раҳбарлигида фаранг фудболчилари жахон чемпиони бўлишди: халқ бундан ҳаволаниб кетди ва мамлакат бўйича меҳнат унумдорлиги йигирма фоизга ўсди! Ахир, Фаробий ҳазратлари “Наврўзи олам” билан кун сайин юрт фироғида тонглари сарғайиб бораётган тутқунларни даволаганлиги бизга манбалардан маълумку!
Мен айтаман : маромига етказиб ижро этилган мумтоз ашула аслида зикрдир! Шунинг учун унга дахл қилиш, ўзининг холидан беҳабар қўл уриш, унинг ўзига... мослаштириб ижро этиш халқнинг юрагига буров солиш билан баробар гуноҳдир, гумроҳликдир!
Яхши гапнинг, яхши сўзнинг, яхши ашуланинг ғамхўри, ичкуяри, бор – мухлислари, халқ!
Башарият тарихи кўз кўриб, қулоқ эшитмаган юксалишлар қуршовида. Бу ҳолатлар осойишталигимизни таъминлаб беради, дегани эмас. Аксинча, мавжуд харакатдаги тизим фаолиятига турли йўллар билан раҳна солишга уринишлар бўлиши шубҳасизлигини англатади. Биз истаймизми – йўқми бу кўхна олам шундай яралган. Она тупроғимиз ўз-ўзидан обод бўлмаган. Биринчи Президентимиз улуғ минбарлардан туриб, хаммани бир ёқадан бош чиқариб, олдинга талпинишга чорлар эди. Одамлар ишончини қозониб, уларнинг қора қозони қайнаб туришини таъминлашнинг ўзи улкан бахт эди. Ҳозир ҳам қийинчилик дамларини ёдга олсам, баданим сесканиб кетади. Боиси, кўпчиликнинг кейинги тақдири қандай кечар экан, деган ўй билан яшаганман. Оғир синовли йиллар даврида ҳокимият тизимида оддий ходим бўлиб ишлаш ҳам кишига жиддий маъсулият юкларди. Бироқ, менга одамларнинг тақдири билан боғлиқ маъсулиятли вазифа ишониб топширилган эди-да. “Мана сенга тўкин ҳаёт, мана мақсадинг сари ойдин йўл, қани марҳамат”. демаган ҳеч ким. Ҳаммаси бошидан бошланган: эл дардига малҳам бўлиш учун бор имкондан фойдаланишга харакат қилинган эди. Бу гапларни шунчаки айтиб бўлмайди. Қахатчилик – нақд жаханнам оловини пуркарди. Йўқчиликнинг нафаси бош суқмаган остона қолмаганди. Шунда халқ жипслашди, қўлни-қўлга бериб, биргаликда манзил томон харакат қилинди. Таҳликали кезларда мен Ватаним учун нима қилишим керак, деган ўй барчанинг қалбига мухрланди. Айни ушбу паллаларда халқнинг матонати яна бир карра кўрикдан ўтди. Ха, бу гаплар Ватан учун жоним фидо, деган ҳар бир киши учун ибратдир. Унутмаслик лозимки, Мустақиллик декларатцияси Ўзбекистондек аҳолиси турмуш даражаси ниҳоятда паст бўлган давлат бошига не-не азобу кўргиликларни солиши муқаррар бир вазиятда қилинган одилона қарор натижаси эди, албатта. Эркинликка шунчаки эришилмагани, бу йўлда чекилган хасратлар юзаки тўқима ёки афсона эмас. Шу хужжат асосида бошқа қонунларимизга секин-аста тартиб берилди. Бош қомусимиз қабул қилинди. Хуқуқий кафолатланган жамиятдаги ўзгаришлар, юксалишлар эса нафақат ўзимизни, балки дунё аҳлини лол қолдирди. Йўлга чиққан карвонимиз билан жахонга бўй кўрсатдик. Айтиш мумкин-ки, бу–мустақиллигимизни ғоятда қадрлашга ҳамда шу эл учун бор ғайрат – шижоат билан меҳнат қилишга чорлайди. Энг олий неъмат ҳам шу эмасми?!
Тоштемир Турдиев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
Денов туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.