Колумбия зилзиладан 10 миллиард долларга яқин зарар кўрди
Яқинда Колумбияда юз берган кучли зилзила мамлакат иқтисодиётига 30 триллион песо (9,6 миллиард доллар) зарар етказгани айтилмоқда.
Экспертлар ўлканинг Чоко, Валье-дель-Каука, Рисаральда, Киндио ҳамда Кальдас ҳудудларидаги вазиятни баҳолаб, зарарнинг 24,5 триллион песоси (7,8 миллиард доллар) турар жой ва биноларга, 5,5 триллион песоси (1,8 миллиард доллар) эса инфратузилма объектларига тўғри келишини аниқлади.
Мамлакат президенти Абелардо де ла Эсприэлья Чоко минтақасидаги талафотлар миқдори бошқа вилоятларга қараганда мутаносиб равишда энг юқори бўлгани сабабли, ушбу ҳудудни қайта тиклаш учун алоҳида комплекс режа кучга киритилишини таъкидлади.
Охирги расмий маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 289 киши ҳалок бўлган, 4187 нафар фуқаро турли даражадаги жароҳатлар олган ва яна 142 киши бедарак йўқолган. Шунингдек, 26 945 та хонадон бутунлай вайрон бўлган, 127 557 та аҳоли уйларига турли даражада шикаст етган.
Ҳозирда табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва қутқарув ишларига кўмаклашиш мақсадида АҚШ ва Эквадор давлатларидан 138 нафар тажрибали мутахассислар Колумбияга етиб келган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА