Кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди
Сирдарё вилоятида мамлакат тараққиёти, ёшлар сиёсати самарадорлигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан ажралиб тураётган икки нафар ёш давлатимизнинг юксак эътирофларидан бири — “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Юксак мукофотга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Гулистон давлат университети бошланғич ташкилоти ёшлар етакчиси, Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғининг китобхонликни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев ҳамда Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси матбуот котиби Шуҳратжон Ҳасановлар сазовор бўлишди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, кўкрак нишонларини ўз эгаларига топширди ва уларни ушбу юксак эътироф билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, мазкур мукофот юртимиз тараққиёти, ёшлар манфаатларини таъминлаш, маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш ва давлат ҳамда жамоат ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшларни рағбатлантиришнинг амалий ифодасидир.
— Бугун ҳаётимдаги энг қувончли ва унутилмас кунлардан бири бўлди. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирланиш мен учун юксак шараф ва катта масъулиятдир. Бу мукофотни менга ишонч билдирган устозларим, ота-онам, ҳамкасбларим ва барча яқинларим меҳнатига берилган юксак баҳо сифатида қабул қиламан. Ушбу эътироф келгусида ҳам ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш йўлида янада катта ғайрат билан меҳнат қилишимга илҳом бағишлайди. Билдирилган юксак ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратим, билим ва тажрибамни сафарбар этаман, — деди тақдирланганлардан бири Ёрқинжон Ҳайитбоев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири