40 нафар мурожаатчи ишли бўлди
Аҳолини иш билан таъминлаш, даромадли қилиш оилалар фаровонлиги ва жамият барқарорлигида муҳим омил ҳисобланади. Шу боис, фуқаролар билан мулоқот ва учрашувларда бандлик масалаларига устувор аҳамият қаратилади.
Бу борада ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда ўтказилаётган учрашув ва сайёр қабулларда муайян натижаларга эришилаётгани эътиборга молик. Мазкур лойиҳа доирасида Бекобод шаҳрида ўтказилган сайёр қабул ҳам самарали бўлди. Қабулда 200 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, 80 дан зиёд мурожаат билдирилди.
Қабул жараёнида бандлик, ижтимоий ҳимоя, уй-жой, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар ва ҳуқуқий масалалар юзасидан кўтарилган мурожаатларнинг 60 га яқини шу жойнинг ўзида ҳал этилди.

Қабул давомида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласидаги мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатларнинг 40 дан ортиғи “Ўзметкомбинат” АЖга ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлди. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар мавжуд вакант лавозимларга қабул қилиниши ва малака талаб этадиган касбларга корхона томонидан бепул ўқитилиши белгиланди.
Тадбир давомида ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, чет элда даволаниш, нафақа ва уй-жой масалалари ҳам масъуллар иштирокида кўриб чиқилди. Айрим мурожаатлар депутатлар ва шаҳар ҳокимлиги назоратига олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА