Кўклам жилоси: пойтахтда гуллаган павловниялар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган Қўрғонтепа кўчасида баҳор ўзгача чирой очган – бу ерда йўл ёқалаб гуллаган павловния дарахтлари атрофга бетакрор ҳусн бағишламоқда.
Эрта баҳорда гул очадиган ушбу ноёб дарахт ўзининг нафис ва хушбўйлиги билан ажралиб туради. Қатор тизилган дарахтлар гулга кирган пайтда кўча гўё табиий гулзорга айланиб, йўловчилар учун кўзни қувонтирувчи манзара яратади. Ҳар бир дарахт табиатнинг нозик санъат асаридек, йўловчиларни бир лаҳза тўхтаб, кўклам гўзаллигидан баҳра олишга ундайди.
[gallery-28448]
Павловния дарахти тез ўсиши ва экологик жиҳатдан фойдали хусусиятлари билан дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотган. У ҳавони тозалаш, кислород ишлаб чиқариш ҳамда шаҳар муҳитини соғломлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Қўрғонтепа кўчасидаги павловнияларнинг гуллаши эса нафақат эстетик жиҳатдан, балки экологик аҳамияти билан ҳам диққатга сазовор.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, сўнгги йилларда ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Павловния каби манзарали ва фойдали дарахтларни экиш эса бу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир. Айниқса, ниҳол бўй кўрсатиб, гулга кирган даврда ҳосил бўлган гўзал манзара кишиларга кўтаринки кайфият бағишлайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, павловния дарахтини шаҳар инфратузилмасида кенг жорий этиш экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу каби ташаббуслар аҳоли ўртасида табиатга бўлган эҳтиром ва масъулиятни янада оширади.
Қўрғонтепа кўчасидаги бугунги манзара бизга гўзаллик доимо ёнимизда эканлигини эслатади. Зеро, гўзаллик табиат билан уйғун яшайди, фақат уни кўра билишимиз муҳим.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА