Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Хитойнинг Шаньси музофоти тижорат департаменти раҳбари Ван Хунцзинь бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида шерикликни янада ривожлантириш, жумладан ҳудудлараро алоқаларни чуқурлаштириш масаласи кўтарилди.

Меҳмонлар қайта тикланувчи энергия манбалари, сув тежовчи замонавий воситалар, саноат, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида технология шериклиги кўламини кенгайтиришга тайёрликларини билдирдилар.
Томонлар янги лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда жорий йил 20-22 май кунлари Шаньси музофоти Циань шаҳрида бўлиб ўтадиган учинчи Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форумида нуфузли тадбиркорлар делегациялари иштирокини таъминлашга келишиб олдилар. Мазкур анжуман ҳудудлар ўртасидаги бевосита алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма ташаббусларни илгари суриш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Г.Сатторова, ЎзА