Кўчаларга янги номлар қўйилди
Сирдарёда кўчалар харитаси янгиланмоқда. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида олиб борилган кенг қамровли топонимик ишлар натижасида жорий йилнинг январь–июль ойларида 7696 та кўча, тор ва берк йўллар илк бор расман номланиб, Давлат реестрига киритилди. Бу — ҳудуд инфратузилмасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган энг йирик тартибга солиш жараёнларидан биридир.
Кадастр агентлигининг ижобий экспертиза хулосалари асосида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қабул қилган қарорлар орқали кучга кирган ушбу ўзгаришлар навигация тизими, тез ёрдам, почта ва бошқа муҳим давлат хизматларининг янада аниқ ва тезкор фаолият юритишини таъминлайди. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат, ҳар бир манзил, ҳар бир хонадон энди аниқ ва ягона тартиб асосида белгиланади.

– Вилоятимиздаги ҳар бир маҳалланинг кўчалар тузилмаси Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ янгича тартибда шакллантирилди, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов. – Хариталар шоҳ, тор ва берк йўлларга ажратилган ҳолда тўлиқ янгиланди ва тасдиқлаш учун маҳаллий кенгашларга тақдим этилди. Шу билан бирга, кўча номларини жойига қўйиш, яъни кўрсаткич лавҳаларни ўрнатиш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу аҳоли ва меҳмонлар учун қулайлик яратиб, инфратузилмадаги аниқликни таъминлайди.

Боёвут туманида — 772 та, Сирдарё туманида — 279 та, Ховосда — 292 та, Гулистон шаҳрида — 71 та, Янгиерда — 6 та, Оқолтинда — 2 та, Мирзаободда — 19 та ва Сайхунободда — 9 та объект бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, экспертиза орқали тасдиқланди.
Бугунги кунга қадар вилоятда 221 та маҳалла, 5 та истироҳат боғи, 4 та майдон, 5 та хиёбон, 12 та зиёратгоҳ ва 177 та қабристон расман номлангани ҳудуднинг топонимик харитаси йил сайин тўлдирилиб, такомиллаштирилаётганини кўрсатади.
– Топонимика — бу оддий ном бериш эмас, балки миллий ўзликни мустаҳкамлаш, тарихий хотирани асраш, давлат тили ва маданиятини юксалтиришнинг муҳим омилларидан биридир, – дейди Ғайбулла Юсупов. – Шу боис ҳар бир кўча ёки маҳалла номи ўша ҳудуднинг тарихи, руҳи ва кайфиятини акс эттиради. Бу борада Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар тартиб ва маданиятни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим бўғинидир.
Айни пайтда вилоятда топонимика соҳасидаги ишлар изчиллик билан давом этмоқда. Янги номлар, янгиланган хариталар, замонавий кўрсаткичлар — буларнинг барчаси ҳудуднинг жадал ривожланаётганини, бошқарув ва инфратузилмада янги босқичга қадам қўйилганини англатади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири