Лицензиясиз крипто-активлар савдоси билан шуғулланган талаба аниқланди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида лицензиясиз крипто-активлар айланмасини амалга оширган шахс фаолиятига чек қўйилди.
У крипто-биржа орқали 64,7 минг USDT миқдоридаги активлар олди-сотдисини амалга оширгани аниқланди. Маълум бўлишича, Тошкент туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган фуқаро пойтахтдаги нуфузли давлат олий таълим муассасаларидан бирининг талабаси ҳисобланади.
Дастлабки маълумотларга кўра, у 2025 йил декабрь ойидан 2026 йил октябрига қадар «Bitget» крипто-биржаси платформасида тегишли лицензиясиз фаолият юритиб келган. Ушбу давр мобайнида турли транзакциялар орқали жами 64 715 USDT миқдоридаги крипто-активларни олди-сотди қилган.
Бундан ташқари, мазкур шахс телеграм мессенжери орқали хорижий давлатларга тегишли 140 та виртуал телефон рақамини сотиш билан ҳам шуғулланган.
Тезкор тадбирлар давомида унинг крипто-ҳамёнида 450 USDT миқдоридаги актив мавжудлиги ҳам аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА