Китобхонлик маданияти
Мулоҳаза
Халқимизда: “танганинг икки томони бор”, деган мақол бежиз айтилмаган.
Дарҳақиқат, энг ёмон нарсанинг ҳам бир яхши томони ёки энг яхшининг ҳам бир ёмони бор. Масалан, китоб мутолаасига барчамизни ундашган. Биз ҳам ундаб келмоқдамиз. Аммо китоб ўқишнинг ҳам салбий оқибатлари йўқ эмас. Қандай дейсизми?
Китоблар ҳам маҳсулотнинг бир тури. Китобхон эса истеъмолчи. Шундай экан, яроқсиз маҳсулот кишига зарар бермай қолмайди. Айниқса, маънавиятимиз озуқаси бўлган китобни тўғри танлаш ғоят муҳим саналади. Шубҳасиз, китобларнинг ҳар бири эзгулик ғоялари билан тўйингандир. Бироқ шундай китоблар борки, улар ҳақида бундай дея олмаймиз. Бундан ташқари кимгадир китоб тавсия қилишдан бурун унинг ёши ва тафаккур чегарасини албатта, инобатга олиш лозим. Таассуфки, бугунги кунда сариқ матбуотдаги асарлар, яъни киши онгини саёзлаштирадиган китоблар оммалашди. Бунга соҳадаги маркетинг ҳам жиддий сабаб десак, янглишмаймиз. Албатта, муаллиф ўз меҳнатига моддий рағбат олиши қувонарли ҳол. Аммо у омма олдидаги масъулиятини ҳам жиддий ҳис қилмоғи шарт. Фарзанд тарбиясида ҳам ота-оналар эътибор бериш керак бўлган муҳим жиҳат бор. У ҳам бўлса, болалари ўқиётган китоблар хусусида албатта, филолог мутахассислардан кўрсатмалар олишларидир. Шундагина соғлом тафаккур ва юксак билим соҳибларини тарбиялаш мумкин.
– Инсон онги ҳам дарахт кабидир, – дейди филология фанлари доктори Комилжон Ҳамраев. – Китоблар инсон руҳини даволовчи дори кабидир. Жисмимиз бемор бўлса, шифокор тавсияси билан дори истеъмол қилганимиз каби китоб ўқишда ҳам устозлар кўрсатмасига амал қилиш талаб этилади. Чунки ҳар бир нотўғри озуқа кишига зарар бермоғи мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда олиб борилаётган китобхон миллат шакллантириш ташаббусида фаол бўлиш билан бирга эҳтиёт бўлишимиз ҳам лозим. Зеро, ҳушёрлик миллат эртасига бўлган муносабатимизнинг муҳим кўринишидир.
Шербек Исломов, ЎзА