Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун, 2026 йил 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда “Бозор назорати тўғрисида”, “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”, “Ҳарбий хизматчилар (ходимлар)нинг ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонунлар муҳокама қилинади.
“Реклама тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”, “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилади.
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонун маъқулланиши, бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилиниши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза эшитилади.
Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам ялпи мажлис кун тартиби доирасида муҳокама этилади.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА