Китобхонлик форуми ўтказилди
Бухорода “Китоб — тафаккур, инновация ва келажак пойдевори” шиори остида кенг кўламли “Китобхонлик форуми” бўлиб ўтди. Мазкур маърифий тадбир ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва ижодий фикрлашини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, замонавий билим ва инновацияларга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
Форум доирасида турли интерактив ва маънавий-маърифий лойиҳалар ташкил этилди. Жумладан, интеллектуал ўйинлар, “Book battle”, “Тезкор китобхон” шоуси, “Сирли қути” челленжи, “Мен севган адабий қаҳрамон” портретлар танлови, маҳорат дарслари, китоб кўргазмалари ҳамда маданий чиқишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, китоб ва замонавий технологияларни уйғунлаштирган инновацион намойишлар форум мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Форумнинг тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари Адҳамжон Сормонқулов ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида меҳмонлар вилоят “Келажак” маркази тўгарак аъзолари томонидан тайёрланган ижодий ва инновацион кўргазмалар билан танишди. Иқтидорли ўқувчилар билан ўтказилган самимий мулоқотлар давомида ёшларнинг билимга интилиши, креатив фикрлаши ва китобхонликка бўлган юксак қизиқиши алоҳида эътироф этилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан жорий йилнинг март–апрель ойларида уч босқичли “Энг яхши китобхон ўқувчи” танлови ташкил этилди. Унда умумтаълим мактабларининг 164 минг 106 нафар китобхон ўқувчиси иштирок этди. Танловнинг вилоят босқичида ёш тоифалари бўйича 12 нафар ғолиб аниқланди.
[gallery-29568]
Тақдирлаш маросимида ғолиб ўқувчиларга вилоят ҳокимининг дипломлари ҳамда моноблок, планшет, телевизор, китоб жавони ва китоблар жамланмаси каби қимматбаҳо совғалар топширилди. Бу эса ёшларнинг билим олиш ва китоб мутолаасига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилди.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Бухоро шаҳридаги 32-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Гулмеҳра Шокирова “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Яна 30 нафар кутубхоначига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Форумда фаол қатнашган 12 нафар ўқувчи ҳамда 3 нафар ўқитувчи ҳам фахрий ёрлиқ ва китоблар тўплами билан рағбатлантирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари