“Хўжа Маъоз” зиёратгоҳидан фоторепортаж
Марғилон шаҳрида жойлашган “Хўжа Маъоз” зиёратгоҳи асрлар давомида муқаддас қадамжо сифатида эъзозланиб келмоқда. У нафақат тарихий, балки юксак маънавий аҳамияти билан ҳам алоҳида ўрин тутади.
Машҳур адиб Абдулла Қодирий ўзининг “Ўткан кунлар” романида ушбу масканни тилга олиб, унинг ўзига хос муҳитини таъсирчан тарзда тасвирлайди. Асарда “Хўжа Маъоз” мозорининг қадимийлиги ва атроф-муҳити алоҳида бадиий ифода этилган.
Маълумотларга кўра, адиб Марғилон шаҳрига ташрифлари чоғида мазкур зиёратгоҳга бир неча бор келган, бу ерга келувчи зиёратчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг кечинмалари ва хотираларига эътибор қаратган.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, зиёратгоҳ асрлар давомида маҳаллий аҳоли учун руҳий таскин ва маънавий куч манбаи бўлиб хизмат қилган. Илгари бу ерда қадимий масжид мавжуд бўлган бўлса, кейинчалик унинг ўрнида ҳашар йўли билан янги масжид барпо этилган.
[gallery-29174]
Маҳалла нуронийси Обиджон Холматовнинг таъкидлашича, мазкур қадамжо Марғилон шаҳридаги “Ёйилма” ва унга туташ ҳудудларда жойлашган маҳаллалар аҳолиси орасида “Хўжамағиз” ёки “Хўжа Маъоз Абдуллоҳ ибн Жабалий” номи билан ҳам машҳур. Зиёратгоҳ давлат муҳофазасига олинган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА