Китоб туманида боғдорчилик учун хавф туғдираётган зараркунанда назоратга олинди
Кейинги икки йилда Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани айрим ҳудудларида яшил қоринчали темирчак чигирткасининг кўпайиши кузатилмоқда. Мутахассислар ушбу зараркунанда оммавий тарқалишининг олдини олиш мақсадида доимий мониторинг ишлари олиб борилаётгани, аҳоли ва фермерларга кимёвий ишлов бериш тартиби юзасидан тавсиялар берилаётганини маълум қилди.
Хусусан, туманнинг Паландара маҳалласидаги айрим фермерлар томонидан зараркунанданинг беда, полиз ва боғдорчилик экинларига зарар етказаётгани ҳақида мурожаатлар билдирилмоқда.
Паландара маҳалласида фаолият юритувчи “Давлатбобо” фермер хўжалиги раҳбари Акбарали Аҳадовнинг айтишича, хўжалик ихтиёридаги 250 гектар ернинг 62 гектарида ғалла ва беда етиштирилади. Унинг маълум қилишича, 2024 йилдан бошлаб зараркунанда кўпайиб, айрим майдонларда беда ва полиз экинларига сезиларли талафот етказган. Жорий йилда ҳам чигирткалар сони кўпайиб, фермерлар ўз имкониятлари доирасида кимёвий ишлов ўтказаётган бўлса-да, бунинг ўзи етарли бўлмаётганини таъкидлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимизда чигирткаларнинг 200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми қишлоқ хўжалиги экинлари учун жиддий хавф туғдиради. Қашқадарё вилояти жанубий ҳудуд бўлгани боис чўл, тоғ олди ва яйловларда турли хил чигирткалар учрайди.
[gallery-30601]
Қашқадарё вилояти Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати раҳбари Маҳмуд Хушмуродовнинг маълум қилишича, вилоятда ҳар йили эрта баҳордан бошлаб марокаш чигирткасига қарши кенг кўламли кимёвий ишловлар амалга оширилади. Энг хавфли турлар қаторига марокаш чигирткаси, маҳаллий чигиртка ва саксовул букри чигирткаси киради. Ушбу турлар тўда ҳосил қилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда яйловларга катта зарар етказиши мумкин.
Унинг қайд этишича, Китоб туманида кейинги икки йилда яшил қоринчали темирчак чигирткасининг кўпайиши кузатилмоқда. Мазкур зараркунанда асосан боғдорчилик майдонларида учраб, мевали дарахтларга зарар етказиши билан ажралиб туради. Агар бир квадрат метр майдонда 10-15 тадан ортиқ зараркунанда аниқланса, кимёвий ишлов ўтказиш зарур ҳисобланади.
– Бу тур доимий кузатувимизда. Маҳаллаларда профилактик тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, кимёвий ишловни қайси муддатларда ўтказиш бўйича тавсиялар берилмоқда. Ўтган йили ушбу ҳолат Қайнар ҳудудида кузатилган бўлса, жорий йилда Паландара массивида қайд этилди. Ҳозирга қадар бу масала юзасидан хизматимизга расмий мурожаат келиб тушмаган. Шунга қарамасдан, мутахассисларимиз жойларга чиқиб, профилактик тадбирларни амалга оширмоқда, – деди Маҳмуд Хушмуродов.
Паландара маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Насим Маҳмудов ҳам аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб борилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллада карантин хизмати билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, аҳоли учун мурожаат қилиш тартиби ва масъул ташкилотларнинг алоқа маълумотлари эълон қилинган. Зарур ҳолларда кимёвий воситалар билан таъминлаш ва амалий кўмак кўрсатиш чоралари ҳам ташкил этилмоқда.
Мутахассислар зараркунандага қарши курашишда энг муҳим омил уни эрта аниқлаш ва ўз вақтида кимёвий ишлов бериш эканини таъкидламоқда. Шу боис фермер ва томорқа эгаларига зараркунанда кўпайиши кузатилган ҳолларда масъул ташкилотларга зудлик билан мурожаат қилиш, тавсия этилган агротехник ҳамда кимёвий чораларни ўз вақтида амалга ошириш тавсия этилмоқда.
Бу эса қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалардан муҳофаза қилиш, ҳосилдорликни сақлаб қолиш ҳамда боғдорчилик соҳасида юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий йўқотишларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари