Бағдодда трансформатор ишлаб чиқарилади
Электр таъминотидаги узлуксизлик фақат электр қувватларини ишлаб чиқаришгагина боғлиқ эмас. Бу қувватни йўқотишсиз истеъмолчига етказиш ҳам муҳим. Бунинг учун турли босимга чидамли трансформаторлар зарур.
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида трансформатор ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Бироқ унинг ишлаб чиқариш қуввати мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун етарли эмас. Шу боис вилоятга хорижий ҳамкорлар жалб этилди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Бағдод туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган трансформатор ишлаб чиқаришга оид инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди.
Компания таъсисчиси Цзи Чжаошан ўз корхонаси фаолияти, трансформаторлар ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаси ҳамда Фарғона вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар хусусида маълумот берди. Унинг биринчи босқичида трансформаторлар ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё ва бутловчи қисмлар олиб келиниб, уларни йиғиш йўлга қўйилади. Кейинги босқичда эса маҳаллий ишлаб чиқаришни тўлиқ йўлга қўйиш режалаштирилган.
Учрашув якунида ҳамкорликни жадаллаштириш ва лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди ҳамда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири