Китоб саҳифаларидан чиқиб, тирик жараёнга айланган тарих
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон тарихи давлат музейи реконструкциядан сўнг яна ўз фаолиятини бошлади. 150 йиллик тарихга эга ушбу музей мамлакатимизда ўзбек халқининг қадим замонлардан то бугунги кунгача бўлган тарихи ва маданиятини ўзида тўлиқ акс эттирувчи энг йирик маърифий масканлардан бири ҳисобланади.
Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсон ўзбек халқи тарихининг нақадар бой ва улуғ эканини, унинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янада чуқурроқ англайди. Музей экспозицияси алломаларимизнинг ҳаёти, илмий фаолияти, буюк кашфиётлари ва инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси билан яқиндан танишиш имконини беради.
Таъмирлаш, реконструкция ва модернизация ишлари натижасида музейнинг барча экспозициялари замонавий музейшунослик талаблари асосида тубдан янгиланди. Янги экспозицияда тарихий жараёнлар илмий концепция асосида қайта кўриб чиқилиб, экспонатларни намойиш этишнинг замонавий ва интерактив технологиялари жорий этилди. Янгиланган экспозиция тарихий воқеа ва жараёнларни яхлит ғоя асосида ёритиш, ташриф буюрувчиларда тарихий тафаккурни шакллантириш ҳамда экспонатлар билан мулоқот қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Экспозицияда Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги тош давридан бошлаб илк давлатчилик шаклланиши, антик давр, илк ўрта асрлар, Биринчи Ренессанс, Амир Темур ва Темурийлар давридаги Иккинчи Ренессанс, ўзбек хонликлари, Россия империяси ва совет мустамлакачилиги даврлари, жадидчилик ва миллий уйғониш ҳаракати, шунингдек, мустақиллик йилларидаги тараққиёт босқичлари изчил ёритилган.
Шунингдек, Аҳамонийлар давлати ва Александр Македонский юришлари, қадимги Хоразм, Қанғ ва Довон давлатлари, Кушон подшолиги, Буюк ипак йўли ҳамда буддавийлик маданиятининг Ўзбекистон ҳудудида тарқалиши археологик топилмалар, реконструкциялар ва мультимедиа ечимлари орқали намоён этилган.
[gallery-30542]
Экспозицияда 1972 йилда Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепадан топилган, умумий оғирлиги 36 килограмм бўлган безаклар ва қуйма тиллалардан иборат машҳур хазина намуналари, қатағон қурбонларини олиб кетишда фойдаланилган қора рангли махсус автомобиль, 1916 йилги мардикорликка бағишланган қўшиқлар, Иккинчи жаҳон уруши йилларида 14 нафар етим болани бағрига босган Шомаҳмудовлар оиласи ва ҳовлисининг макети, Хива, Бухоро ва Қўқон хонларининг портретлари каби кўплаб ноёб экспонатлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Экспозициянинг якуний қисмида Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, мамлакат тараққиётининг замонавий босқичи ҳамда 2016-2026 йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ўз ифодасини топган. Мазкур бўлим ташриф буюрувчиларга Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилган ўзгаришлар билан яқиндан танишиш имконини беради. Бу ютуқлар Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлидаги муҳим босқич сифатида талқин қилинган.
Янгиланган экспозиция Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш, музейнинг илмий-маърифий фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда Она Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
– Музейнинг қайта реконструкция қилиниб, замонавий қиёфада очилгани жуда катта воқеа бўлди, – дейди таниқли бастакор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева. – Дунёнинг кўплаб музейларида бўлганман. Янги экспозицияда ҳар бир экспонатга халқаро талаблар асосида ёндашилган. Ёритиш тизими тарихий ашёларни янада жозибадор кўрсатади. Замонавий аудио ва визуал технологияларнинг қўлланилиши музейнинг таъсирчанлигини янада оширган. Назаримда, тарих дарсларининг айримларини ана шундай музейларда ўтиш мақсадга мувофиқ. Шунда ўқувчилар ўтмиш муҳитини чуқурроқ ҳис эта оладилар.
– Музей 2024 йил июнь ойида реконструкция учун ёпилган эди, – дейди музей бўлим мудири, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Тоҳир Норқобилов. – Икки йил давомида музей экспозицияси тўлиқ янгиланди. Замонавий видео ва аудио технологиялари кенг жорий этилди, музейшуносликнинг энг сўнгги ютуқларидан самарали фойдаланилди. Экспонатларнинг ахборотбоплиги ва намойиш сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Уч кун давомида музейимизда «Очиқ эшиклар кунлари» эълон қилинган бўлиб, бу вақтда ташриф буюрувчиларга бепул хизмат кўрсатилади. Ишонамизки, янгиланган музей Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида халқимиз учун муносиб туҳфа бўлади.
– Музейнинг очилгани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали эшитиб, бугун неварамни шу ерга олиб келдим, – дейди Ўктам Тожибоев. – Мен ўқитувчиман. Ҳозирги кунда болаларни тарихга қизиқтириш осон эмас. Бу музей эса невараларимда катта қизиқиш уйғотди. Чунки бу ерда тарихни жонли жараён сифатида ҳис қилиш мумкин. Экспонатларнинг замонавий усулларда намойиш этилиши ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдиради.
Дарҳақиқат, халқимиз тарихи ғоят бой ва бетакрордир. Ўзбекистон тарихи давлат музейининг янгиланган қиёфада қайта очилиши Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида юртдошларимиз учун муносиб туҳфа бўлди. Музей нафақат миллий меросимизни асраб-авайлаш, балки ёш авлодда тарихий хотира, миллий ғурур ва Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА мухбирлари