Кимёвий хавфларни бошқаришда янги тизим ва хавфсиз келажак
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Базель, Роттердам ва Стокгольм конвенциялари котибиятлари (BRS) ҳамкорлигида Eco Expo Central Asia 2026 доирасида тадбир ташкил этилди.
Анжуман Ўзбекистонда пестицидлар ва хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича интеграциялашган, ҳаётий циклга асосланган тизимни ривожлантириш йўлида эришилган ютуқларни намойиш этди.
“Ўзбекистонда пестицидлар ва хавфли кимёвий моддалар ҳаётий циклини бошқаришни кучайтириш: миллий ютуқлар, ҳамкорлик ва келгуси режалар” мавзусидаги тадбир Expo кўргазмасининг “Яшил технологиялар ва қайта ишлаш” йўналиши доирасида ташкил этилиб, хавфли чиқиндилар, эскирган пестицидлар, доимий органик ифлослантирувчи моддалар масалаларига бағишланди.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий тизимини Базель, Роттердам ва Стокгольм конвенциялари талабларига мослаштириш мақсадида муҳим ислоҳотларни амалга оширмоқда. Европа Иттифоқи ва бошқа ҳамкорларнинг кўмаги остида мамлакатимиз эскирган пестицидлар ва ифлосланган ҳудудлар каби тарихий экологик хавфларни бартараф этиш бўйича изчил иш олиб бормоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар келгусида хавфли кимёвий моддалар тўпланишининг олдини олишга қаратилган самарали профилактик чоралар билан тўлдирилмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистон нафақат ўтмишдан қолган муаммоларни ҳал этмоқда, балки янада хавфсиз ва барқарор келажак учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар сўзга чиқди. Шунингдек, давлат ташкилотлари, БМТ агентликлари, донорлар, хусусий сектор вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари иштирок этди.
Техник сессия давомида пестицидларнинг ҳаётий циклини бошқариш, мониторинг ва лаборатория тизимлари, хавфларни камайтириш, барқарор амалиётлар ҳамда Стокгольм конвенцияси доирасида доимий органик ифлослантирувчи моддаларни бошқариш бўйича эришилган амалий натижалар тақдим этилди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА