Дуал таълим меҳнат бозори талабига мос мутахассис тайёрлашга хизмат қилади
Касбни эгаллаш ва уни амалиётда қўллаш ўртасида катта фарқ бор. Агар назарий билимлар бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамланмаса, ёш мутахассиснинг замонавий ускуналар билан ишлаши, жамоага мослашиши, касбий масъулиятни ҳис қилиши ва мустақил қарор қабул қилиши қийин кечади. Шу боис, касбий таълимда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, ёшларни ҳали ўқиш давридаёқ ҳақиқий меҳнат муҳитига мослаштириш ниҳоятда муҳимдир.
Дуал таълим, айнан мана шу эҳтиёжни тўлиқ қондира оладиган самарали тизимдир. Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу тизим қамровини кенгайтириш, ишлаб чиқариш корхоналарини кадрлар тайёрлаш жараёнига фаол жалб этиш, ўқувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги механизмлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Соҳадаги мавжуд имкониятлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги мақсадлар хусусида Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов билан суҳбатлашдик
– Касбий таълим тизимида дуал таълимга ўтиш қандай муаммолар ва эҳтиёжлардан келиб чиқди?

– Касбий таълим тизимида дуал таълимга ўтиш, энг аввало, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш, иш берувчиларнинг малакали ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда ёшлар бандлигини ошириш заруратидан келиб чиққан, – деди агентлик директори Азимжон Ҳусанов. – Анъанавий таълим тизимида ўқувчилар асосан назарий билим олиб, амалий кўникмаларни эгаллаш имконияти чеклангани сабабли, айрим битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги иш берувчиларнинг реал талабларига тўлиқ жавоб бермас эди. Натижада корхоналар ишга қабул қилинган ёш мутахассисларни қайта тайёрлашга қўшимча вақт ва маблағ сарфлашига тўғри келарди.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш қувватларининг ташкил этилиши, замонавий технологияларнинг жорий қилиниши ва малакали мутахассисларга бўлган талабнинг ортиши кадрлар тайёрлаш тизимини бевосита меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштиришни тақозо этди.
Дуал таълим айнан ушбу муаммоларга амалий ечим сифатида жорий этилди. Мазкур тизим орқали ўқувчилар назарий билимларни техникумда, амалий кўникмаларни эса бевосита корхоналарда эгаллайди. Иш берувчилар эса ўқув дастурларини шакллантириш, амалий машғулотларни ташкил этиш ва бўлажак ходимларини тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этади.
Бундан ташқари, дуал таълим ёшларнинг ўқиш давридаёқ касбий тажриба орттириши, бажарган меҳнати учун ҳақ олиши, замонавий ишлаб чиқариш муҳитига мослашиши ва келгусида доимий ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиради.
– Дуал таълимни танлаган ёшлар ўқиш давридаёқ қандай ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлади? Уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда касбий ривожланиши учун қандай кафолатлар белгиланган?
– Дуал таълим олаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таълим, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бунда ўқувчининг корхонадаги ҳуқуқий мақоми, тузилган шартнома тури ва ёши муҳим аҳамиятга эга.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, дуал таълим ўқувчилари танлаган касби бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларни эгаллаш, техникумнинг ўқув хоналари, лабораториялари ҳамда ахборот-кутубхона фондидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, улар ҳамкор корхоналарнинг ишлаб чиқариш базаси, замонавий ускуналари ва технологиялари билан ишлаш орқали тажриба орттиради, корхона фаолиятида иштирок этади ҳамда белгиланган шартномага мувофиқ бажарган меҳнати учун ҳақ олади.
Бундан ташқари, 2026/2027 ўқув йилидан давлат гранти асосида дуал таълимда таҳсил олаётган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, ўзлаштириш кўрсаткичи 85 фоиздан юқори бўлган ёки республика ҳамда хорижий танловлар ғолиби бўлганларга эса уч баравари миқдорида стипендия тўлаш белгиланган. Корхонадаги меҳнати учун ҳақ олиш имконияти билан бирга, бу механизмлар ёшларнинг касбий тажриба орттириши ва иқтисодий мустақиллигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
– Агар бўлажак кадрларни ўқитган корхона уни битирувдан кейин ишга қабул қилмаса, уларнинг бандлигини таъминлаш учун қандай механизмлар мавжуд?
– Дуал таълимда корхона ўқувчини тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этгани сабабли унинг билим ва кўникмалари, меҳнат интизоми ҳамда касбий салоҳиятини олдиндан баҳолаш имкониятига эга бўлади. Шу боис битирувчининг амалий таълим олган корхонасида доимий ишга жойлашиш эҳтимоли юқори. Бироқ бу барча битирувчилар автоматик равишда ишга қабул қилинишини англатмайди. Агар ўқувчи дуал таълим олган корхона уни битиргандан кейин ишга қабул қилмаса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун бир қатор механизмлар мавжуд.
Аввало техникумлардаги Карьера марказлари орқали бандликка кўмаклашилади. Ушбу марказлар битирувчиларни иш берувчиларнинг бўш иш ўринларига йўналтириш, корхоналар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва уларнинг ишга жойлашиш ҳолатини мониторинг қилади.
Шу билан бирга, “Карьера куни” тадбирлари ташкил этилади. Уларда иш берувчилар мавжуд вакант иш ўринларини тақдим этади. Бундан ташқари, бошқа иш берувчи корхоналар билан ҳамкорликда манзилли бандлик чоралари кўрилади. Бунда битирувчининг эгаллаган касби, малакаси ва ҳудуддаги иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, бошқа корхоналардаги мавжуд иш ўринларига тавсия этилади.
Шунингдек, иш берувчиларни битирувчилар бандлигини таъминлашга рағбатлантириш механизмлари ҳам мавжуд. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, дуал таълимни ташкил этган корхоналарга 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача кредит ажратиш назарда тутилган. Бунда ҳар 1 миллиард сўмгача кредит учун камида 5 нафар ўқувчини икки ўқув йили давомида дуал таълимга жалб қилиш ва камида 1 нафар битирувчини бир йил давомида иш билан таъминлаш шарти белгиланган.
Яна бир жиҳат, дуал таълимни ривожлантириш ва иш берувчиларни рағбатлантириш мақсадида уларга қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, ёш мутахассисларни ишга қабул қилган корхоналарга қўшимча балл бериш ҳамда техникум ўқувчиларига тўланадиган иш ҳақи бўйича ижтимоий солиқни 1 фоизлик ставкада тўлаш имконияти яратилган.
– Келгусида дуал таълимни янада такомиллаштириш, иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш ва ёшларнинг касбий тайёргарлигини меҳнат бозори талабларига мослаштириш борасида қандай устувор вазифалар белгиланган?
– Келгусида дуал таълим тизимини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларидан бири унинг қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва касбий таълимни иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришдан иборат. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2030 йилга қадар касбий таълимда дуал таълим улушини 40 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Бу эса корхона ва ташкилотларнинг касбий кадрлар тайёрлаш жараёнидаги иштирокини янада кенгайтиришни назарда тутади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил февралдаги тегишли фармонига асосан, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир ҳудудда дуал таълим тизими асосида 14 та “яшил” техникум ташкил этиш белгиланган. Бу ташаббус касбий таълимни ривожлантириш ва замонавий йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлашга қаратилган.
Умуман олганда, белгиланган вазифалар дуал таълим қамровини ошириш, замонавий касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилган.
ЎзА мухбири
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА
суҳбатлашди