“Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида учрашув ўтказилди
Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида битирувчи курс талабалари ҳамда иш берувчи корхона вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Artel компанияси ва Ўзмиллийбанк ходимлари талабалар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг келажакдаги касбий фаолияти, бандлигини таъминлаш ва амалиётдан ўтиш имкониятлари юзасидан батафсил маълумот беришди.
Учрашув давомида “Келажакка қадам” лойиҳаси тақдимоти амалга оширилди. Талабаларга Artel корхонасида ишга жойлашиш тартиби, мавжуд имкониятлар ва зарур кўникмалар бўйича йўриқнома берилди. Шунингдек, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ва иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.


Тадбирда Artel компанияси Инновацион ўқув маркази директори Ғайрат Исақов ҳамда Ўзмиллийбанк Сирдарё минтақавий филиали “Келажакка қадам” лойиҳаси бўйича бош мутахассис Шерзод Баҳромов иштирок этишди.
Шунингдек, тадбир доирасида филиал битирувчи курс талабалари учун амалий ҳамкорлик бўйича келишувлар ҳам амалга оширилди. 20 нафар талабага ҳақ тўланадиган амалиёт имкониятлари яратилди, 50 нафар талабага дуал таълим асосида амалиётдан ўтиш ва кейинчалик иш билан таъминлаш шартлари белгиланди.


— Битирувчи курс талабалари учун иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш имконияти яратилгани жуда муҳим иш бўлди, — дейди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали Регистратор офиси бошлиғи Комилжон Мирзаев. — Асосийси, битирувчи талабаларимиз келажакдаги касбий фаолиятларини йўлга қўйиш ва аниқ қадамларни белгилашда муҳим тажрибага эга бўлдилар. Artel компанияси ва Ўзмиллийбанк ходимлари билан бўлиб ўтган учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ва иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга бўлишди. Менимча, бундай учрашувлар битирувчиларнинг касбий ривожланиши ва меҳнат бозорига мослашувида муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири