Келажак пенсия тизимлари қандай бўлади?
Самарқанд шаҳрида “Келажак пенсия тизимлари: демографик ўзгаришлар ва рақамли трансформация шароитида барқарорликни таъминлашнинг янги ёндашувлари” мавзусидаги халқаро конференция иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги, халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси ҳамда халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциациясига аъзо Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа давлатларнинг пенсия таъминоти бўйича нуфузли экспертлари иштирок этмоқда.
Конференция очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар ассоциацияси раиси Зяки Мирзаев, иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Муродбек Атажанов сўзга чиқиб, анжуманнинг аҳамияти ва унда муҳокама этиладиган масалалар, тизим олдида турган вазифаларга эътибор қаратди. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон пенсия тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
– Бугун дунё мамлакатлари демографик кўрсаткичлари, иқтисодиёти ва аҳолининг турмуш даражаси йил сайин ўзгариб бораётгани фуқароларнинг пенсия ва ижтимоий таъминоти масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда, – деди халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар ассоциацияси раиси Зяки Мирзаев. – Бизнинг ассоциациямиз ҳам иқтисодиёти, аҳолининг турмуш тарзи бир-бирига яқин бўлган давлатларга бу жараёнда ўзаро тажриба алмашиш, мавжуд қонунчиликни такомиллаштиришда кўмаклашиш мақсадида тўрт йил аввал ташкил этилганди. Ўтган қисқа даврда олдимизга қўйган мақсадларга эришиш йўлида муайян натижаларга эришдик, ўзаро алоқаларимизни мустаҳкамладик. Бу каби конференциялар ушбу йўналишда олдимизда турган вазифаларни белгилаб олиш, тажриба алмашиш ва халқаро аҳамиятга эга муҳим масалаларни муҳокама қилишга ёрдам бермоқда.
Шунингдек, тадбирда Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси бош котиби Марсело Аби-Рамиа Каетано анжуман қатнашчиларига видеомурожаат йўллади.
[gallery-32187]
Шундан сўнг конференцияда демографик ўзгаришлар, меҳнат бозоридаги янги тенденциялар ва уларнинг пенсия тизимларига таъсири, ижтимоий таъминот механизмларининг самарадорлиги ҳамда келгуси 5-10 йилда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга тайёргарлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, аҳолининг демографик таркибидаги ўзгаришларни прогнозлаш, пенсия тизимларини ўрта ва узоқ муддатли режалаштириш ҳамда ижтимоий таъминот соҳасида қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича замонавий ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари