Нуротада сунъий сув йиғиш ҳавзаси қурилиши бошланди
Навоий вилояти, Нурота туманида сув захираларини кўпайтириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида Жарма маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Қуламажарсой” сой йўлида сунъий сув йиғиш ҳавзаси қурилиши лойиҳаси бошланди.
Ушбу лойиҳа Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 2 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Қиймати 3,3 миллиард сўм бўлган лойиҳа ҳудудда сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш, аҳоли ва фермер хўжаликларига қарашли ер майдонларини барқарор суғориш ҳамда ер ости сувлари сатҳини тиклашга қаратилган.
Айни пайтда “Сув лойиҳа” МЧЖ томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Лойиҳа доирасида сой сувлари тўпланиб, тиндирилади ва филтрлаб ер ости сув қатламларига йўналтирилади. Натижада ер ости сув захираларини тўлдириш, қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имконияти кенгаяди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири