“Келажак муҳандислари” халқаро фестивали - инновацион ғоялар майдони
Мамлакатимизда муҳандислик соҳасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда.
2025 йилдан бошлаб апрель ойи “Муҳандислик ойлиги” сифатида эълон қилиниб, бутун республика бўйлаб минглаб иқтидорли ёшларни қамраб оладиган тадбирлар ташкил этилмоқда. Жорий йилда ҳам ушбу ойлик доирасида 26 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект, робототехника, дронлар, киберхавфсизлик каби йўналишларда “Олийгоҳ кубоги” танловлари ўтказилиб, 10 мингдан ортиқ ёш муҳандислар иштирок этди.

Ушбу тадбирларнинг энг муҳим ва нуфузлиси сифатида 28–30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали бўлиб ўтмоқда. Фестиваль ёш, ташаббускор ва ижодкор муҳандисларни бир майдонга жамлаб, уларнинг инновацион ғояларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш учун улкан имконият яратади.
Фестиваль муҳандисликнинг 9 та долзарб йўналишини қамраб олган бўлиб, авиация, агротехнологиялар, машинасозлик, робототехника, чип дизайн, яшил энергетика, архитектура ва тиббиёт муҳандислиги соҳаларида 30 дан ортиқ мусобақа ва амалий синовлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, авиация йўналишида FPV дронлар пойгаси, дрон футболи, ёнғин ўчиришга мўлжалланган дронлар танлови ва авиамоделлар жанглари ўтказилмоқда. Агротехнологияларда эса қишлоқ хўжалиги учун инновацион қурилмалар, рақамли мониторинг ва автоном бошқарув ечимлари синовдан ўтказилмоқда.

Машинасозлик йўналишида энергия самарадорлигига эътибор қаратилиб, энг кам энергия сарфи билан максимал масофани босиб ўтадиган автомобиллар яратиш бўйича беллашувлар ташкил этилган. Чип дизайн йўналишида эса FPGA ва SoC технологиялари асосида замонавий микросхемалар яратиш бўйича танловлар ўтказилмоқда.
Яшил энергетика йўналишида қайта тикланувчи энергия манбалари — қуёш панеллари ва шамол генераторлари асосида инновацион қурилмалар намойиш этилмоқда. Робототехника йўналиши эса энг қизиқарли мусобақалардан бири бўлиб, роботлар жанги, робот футболи, гуманоид роботлар беллашуви ва сув ости роботлари танловларини ўз ичига олади.

Архитектура соҳасида иштирокчилар зилзилабардош конструкциялар, 3D моделлаштириш ва замонавий шаҳарсозлик ечимлари бўйича ўз ғояларини илгари сурмоқда. Тиббиёт муҳандислигида “AI Health Hackathon” орқали сунъий интеллект асосида соғлиқни сақлаш тизими учун янги ечимлар ишлаб чиқилмоқда.
Фестиваль 6 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча иштирокчиларни қамраб олган бўлиб, жорий йилда 14 мингга яқин иштирокчи рўйхатдан ўтгани унинг кўлами ва аҳамиятини яққол намоён этади.

Шунингдек, тадбир доирасида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилаётган олимпиадалар турли давлат ёшларини бирлаштириб, билим ва тажриба алмашиш учун муҳим платформа яратмоқда.
Фестиваль доирасида халқаро кўргазма ҳам ташкил этилган бўлиб, унда 100 дан ортиқ маҳаллий ва ўнлаб хорижий инновацион ишланмалар намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, етакчи хорижий экспертлар иштирокида илмий-амалий форумлар ва семинарлар ўтказилмоқда.
“Келажак муҳандислари” халқаро фестивали — бу инновацион ғоялар амалиётга татбиқ этиладиган, ёшлар ўз салоҳиятини намоён этадиган ва келажак технологиялари яратиладиган муҳим майдон.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА