Касбий таълим тизимида техникумлар халқаро майдонга чиқмоқда
Мамлакатимизда касбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни замонавий меҳнат бозори талаблари ҳамда халқаро стандартларга мослаштириш устувор йўналишлардан бирига айланди. Айниқса, техникумлар фаолиятини такомиллаштириш, ўқувчиларга амалий кўникмалар бериш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва хорижий ҳамкорликни кенгайтириш орқали тизим мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.
Бугунги кунда амалга оширилаётган ташаббуслар жумладан, умуммиллий сўровномалар, замонавий ўқув марказлари ташкил этилиши, IТ таълимининг кенгайиши, “яшил техникумлар” лойиҳаси ҳамда халқаро таълим дастурларининг йўлга қўйилиши касбий таълим тизимининг сифат жиҳатдан ўзгараётганини яққол намоён этади.

Техникумларда илк бор ўтказилаётган умуммиллий сўровнома касбий таълим тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. 214 та таълим муассасасидан 93 мингдан ортиқ ўқувчи ва 8 мингдан зиёд педагогнинг иштироки ушбу жараённинг кенг қамровли эканини кўрсатади. Мазкур сўровнома орқали таълим сифати, мавжуд муаммолар ва таклифлар тизимли равишда ўрганилиб, келгусида далилларга асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш имконияти кенгаяди. Бу эса таълим жараёнини реал эҳтиёжларга мослаштиришга хизмат қилади.

Фарғона вилоятининг Қува туманидаги 1-сон техникум мисолида замонавий касбий таълим моделининг амалий кўринишини кузатиш мумкин. Бу ерда “STARTAP BACЕ” логистика маркази, сунъий интеллект ва робототехника йўналишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, хорижий тиллар, дрон операторлиги, қуёш панеллари билан ишлаш каби истиқболли касблар ўргатилаётгани ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳарбий хизматчилар учун ташкил этилган махсус ўқув дастурлари эса техникумларнинг ижтимоий ролини кенгайтираётганини кўришимиз мумкин. Навоий вилоятидаги техникумлар фаолиятининг ўрганилиши таълим сифати, моддий-техник база ва ўқув жараёнининг самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётганини кўрсатади. Дуал таълимни кенгайтириш, ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш орқали касбий таълим тизимининг самарадорлиги оширилмоқда. Бу эса битирувчиларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

Техникум ўқувчилари учун IТ соҳасини бепул ўрганиш имкониятининг яратилиши рақамли иқтисодиёт шароитида муҳим аҳамиятга эга. Тошкент шаҳридаги “School 21” платформаси орқали ўқувчилар масофавий тарзда билим олиш имконига эга бўлмоқда. Бу ташаббус нафақат таълим олиш имкониятларини кенгайтиради, балки ёшларни замонавий касбларга йўналтириб, уларнинг глобал меҳнат бозорига чиқишига замин яратади.
Экологик муаммолар глобал даражада долзарб бўлиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистонда “яшил техникумлар”ни ташкил этиш ташаббуси стратегик аҳамиятга эга. Ушбу лойиҳалар экологик таълимни ривожлантириш, иқлим технологияларини жорий этиш ва барқарор ривожланишга хизмат қилувчи мутахассисларни тайёрлашни мақсад қилади. “Green University” тизими билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ушбу лойиҳа яқин йилларда минглаб малакали мутахассисларни тайёрлаш имконини беради.

Техникум ўқувчилари учун Жанубий Корея билан йўлга қўйилаётган “2+2” таълим дастури халқаро ҳамкорликнинг амалий натижасидир. Ушбу дастур орқали ўқувчилар икки йил Ўзбекистонда, икки йил хорижда таҳсил олиб, халқаро даражадаги дипломга эга бўлишади. Бундан ташқари, хорижий стажировкалар ва қўшма таълим дастурларининг йўлга қўйилиши ёшларнинг билим даражаси ва касбий малакасини оширишга хизмат қилади.
Қашқадарёда ўтказилган форум доирасида техникумлар ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилди. 37 та корхона ва 41 та техникум ўртасидаги шартномалар, юзлаб битирувчиларнинг иш билан таъминланиши дуал таълим тизимининг самарадорлигини кўрсатади. Бу модел орқали ўқувчилар назарий билим билан бирга, реал ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиб, амалий тажриба орттиради.
Ушбу ислоҳот ва ташаббуслар Ўзбекистонда техникумлар тизими жадал ривожланаётгани, замонавий, инновацион ва халқаро талабларга мослашаётганини кўрсатади. Очиқлик ва таҳлилга асосланган бошқарув, рақамли ва экологик таълим, дуал тизим ҳамда халқаро ҳамкорликлар касбий таълимни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Натижада, техникум битирувчилари нафақат ички меҳнат бозорида, балки халқаро майдонда ҳам рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар сифатида шаклланмоқда. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва барқарор келажагини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА