Сўнгги қўнғироқ: унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзалар
Андижон вилоятидаги 828 та умумтаълим, давлат ихтисослаштирилган ҳамда нодавлат мактабларида “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида сўнгги қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди.
Педагоглар, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирларда мамлакатимизда умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш, ўқувчи ёшларга пухта билим бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бунинг самараси ўлароқ, таълим сифати ва самарадорлиги, эришилаётган ютуқлар кўлами йилдан-йилга ортиб бораётганлиги қайд этилди.
Бу йил вилоятдаги умумтаълим, ихтисослаштирилган ҳамда нодавлат мактабларини 43 минг 296 нафар ўқувчи тамомламоқда. Уларнинг 1 минг 200 нафардан ортиғи мактабни олтин ва кумуш медаллар билан якунламоқда. Бундан ташқари, кўплаб ўқувчилар миллий ва халқаро сертификат соҳиби бўлиб, муддатидан аввал олий ўқув юрти талабаси бўлиш имконини қўлга киритган.
Бугун вилоятдаги барча умумтаълим муассасаларида сўнгги қўнғироқ тадбирлари юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги 7-умумтаълим мактабида ўтказилган сўнгги қўнғироқ тадбири Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси ижроси билан бошланди. Президентимизнинг битирувчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг битирувчиларни Андижон шаҳар ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, мактаб директори Гулнора Зоҳидова, ота-оналар вакиллари муборакбод этди.
[gallery-29619]
– Жорий ўқув йилида мактабимизда 886 нафар ўқувчи таҳсил олди, – дейди мактаб директори Гулнорахон Зоҳидова. – Бу йил 11-синфни 82 нафар, 9-синфни 75 нафар ўқувчи мактабни муваффақияти тамомламоқда. Бир дунё орзулар билан катта ҳаётга қадам қўяётган ўқувчиларимизнинг аксарияти олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш ниятида. Яна бир гуруҳи ўзи танлаган йўналишда тадбиркорлик қилиш, ўрганган касби бўйича ишлашни ният қилган. Ишонаманки, уларнинг барчаси юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб камол топади.
Тадбирда битирувчиларни устозлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар муборакбод этди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаётган бир гуруҳ фаол ўқувчилар, шунингдек, битирувчиларнинг ота-оналари мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Битирувчилар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ўқувчиларнинг она юрт, мактаб, устозлар ва ёшлик ҳақида ўқиган шеърлари даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.
– Мен мактабни аъло баҳоларга тамомлаш билан бирга, инглиз тили бўйича халқаро, ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича миллий сертификат олгандим, – дейди 11-синф битирувчиси Района Хотамбоева. – Бу албатта, келгусида ўзим ўқишни хоҳлаган Чет тиллар олий ўқув юртига киришим учун кенг имконият беради. Катта ҳаётга қадам қўяётган биз ёшлар келгусида ўзимиз танлаган соҳанинг малакали мутахассиси бўлишга, устозларимиз, ота-онамизнинг ишончини оқлашга, юртимиз равнақига хизмат қиладиган инсонлар бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Бу каби сўнгги қўнғироқ тадбирлари вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев,З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.