Касбга садоқат, ҳалол меҳнат ва юртга фидойилик
Бугун мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва коммунал хизматлар сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, энергетика ва газ таъминоти тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар аҳолининг ҳаёти ва кундалик эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқлиги билан аҳамиятлидир.
Газ таъминотининг барқарорлиги ва хавфсизлиги эса, ўз навбатида, замонавий технология ва инфратузилма билангина эмас, балки шу тизимда сидқидилдан меҳнат қилаётган фидойи инсонларнинг касбий маҳорати ва масъулияти билан ҳам таъминланади.
Жалол Шомуродов 24 йилдирки, “Хатирчитумангаз” газ таъминоти бўлимида чилангар вазифасида меҳнат қилиб келмоқда. Унинг чорак асрга яқин меҳнат фаолияти газ таъминоти тизимидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ва талабларнинг ортиши билан уйғун кечди.
У дастлаб соҳа сирларини тажрибали устозларидан ўрганди. Газ таъминоти соҳасида кўп йиллар меҳнат қилган Баҳодир Исломов, Рустам Ўтапов ва Юсуф Ортиқовларнинг чилангарлик касбига оид сабоқлари, иш жараёнидаги кўрсатмалари ва бой тажрибалари унинг касбий шаклланишида муҳим ўрин тутди.
Устозлардан ўрганганини амалиётда синаб, ўз устида мунтазам ишлаган Жалол бугун ўз касбининг етук мутахассисига айланди. Жамоада ҳам унинг меҳнатсеварлиги, масъулиятлилиги ва тажрибаси қадрланади. Энг муҳими, кечаги шогирд бугун ёшларга касб сирларини ўргатаётган устоз даражасига етди.
Жалол Шомуродовга тумандаги Хўжақўрғон ва Миёнқол маҳаллалари ҳудуди бириктирилган. Унинг иш куни аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларининг хавфсиз ва барқарор газ таъминотини назорат қилиш билан бошланади.
У ҳар куни газ тақсимлаш қурилмаларини техник назоратдан ўтказади, газ қувурларининг созлигини текширади. Газ сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолат аниқланса, уни тезкор бартараф этиш чораларини кўради. Электрон газ ҳисоблаш ускуналарида юзага келадиган муаммоларни ҳам ўз вақтида ҳал этишга ҳаракат қилади.
Буларнинг барчаси оддий вазифадек кўриниши мумкин. Аммо газ таъминоти соҳасида ҳар бир иш ортида катта масъулият, аниқ билим ва бой тажриба туради. Чунки бу ерда эътиборсизликнинг оқибати жиддий бўлиши мумкин. Шу боис Жалол Шомуродов сингари ўз ишига виждонан ёндашадиган мутахассисларнинг меҳнати ҳар қандай ислоҳотнинг жойлардаги амалий натижасини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, бугун газ таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам аҳолига сифатли, ишончли ва хавфсиз хизмат кўрсатишдан иборат. Тизимда рақамлаштириш, замонавий ҳисоблаш воситаларини жорий этиш, инфратузилмани янгилаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, аввало, инсонлар ҳаётида қулайлик ва хотиржамликни таъминлашга қаратилган.
– Газчилик соҳаси жуда қизиқарли ва шу билан бирга ўзининг қийинчиликларига ҳам эга. Шунга қарамай, касбимни яхши кўраман. Мана, 24 йилдирки, бирор марта чилангарлик касбини танлаганимдан афсусланганим йўқ. Шу касбим орқасидан оиламни тебратяпман, фарзандларимизни вояга етказяпмиз. Катта қизим ҳам нефть ва газ саноати йўналиши бўйича олий таълим даргоҳида таҳсил олмоқда. Фарзандларим ҳам келажакда ўз касбининг етук усталари бўлиб етишишини ният қиламан, – дейди қаҳрамонимиз.
Дарҳақиқат, инсон ўз касбини севса, унинг меҳнатида барака, фаолиятида самара бўлади. Жалол Шомуродовнинг ҳаёт йўли бунинг яққол мисоли. Унинг 24 йиллик меҳнат фаолияти давомида орттирган тажрибаси нафақат ўзи учун, балки жамоа ва ёш мутахассислар учун ҳам муҳим мактаб вазифасини ўтамоқда.
Қаҳрамонимиз уч қиз ва бир ўғилнинг отаси, икки набиранинг суюкли бобоси. У оиласида меҳрибон ота ва бобо бўлиш билан бирга, ишхонасида масъулиятли ходим, ёшларга ўрнак бўлаётган тажрибали мутахассис сифатида ҳам ҳурмат қозонган.
Албатта, касбга садоқат, ҳалол меҳнат ва юртга фидойилик ҳар қандай тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири