Президент нутқидан келиб чиқувчи устувор вазифалар муҳокама қилинди
Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ўтган йиллар мобайнида барча соҳа ва йўналишларда эришилган улкан натижалар эътироф этилиб, галдаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида муҳим натижаларга эришилгани айтиб ўтилди. Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми сўнгги йилларда 8 каррадан зиёд оширилди. Ўтган даврда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилди. Хусусий сектор учун яратилган имкониятлар натижасида тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида давлат раҳбарининг мазкур нутқидан келиб чиқиб, қўмита олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, Иккинчи миллий дастур доирасида аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, инсон саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларни қонунчилик нуқтаи назаридан қўллаб-қувватлаш вазифаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Учинчи миллий дастур доирасида иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигига асосланган янги тараққиёт моделига ўтказиш жараёнида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантириш масалалари қўмитанинг парламент назорати ҳамда қонун ижодкорлиги фаолиятида муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Бундан ташқари, йиғилишда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2026 йил етти ойи давомидаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида фондга 4 минг 430 та мурожаат келиб тушган. Улар асосида 3 мингдан ортиқ болага тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Мураккаб касалликлар ташхиси қўйилган 95 нафар бола хорижий клиникаларда даволанди ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларидан ўтказилган.
Ҳудудларда маҳаллий ва хорижий юқори малакали мутахассислар иштирокида ташкил этилган тиббий акциялар доирасида эса 665 нафар болада турли мураккабликдаги жарроҳлик амалиётлари амалга оширилган.
Муҳокамаларда қўмита аъзолари тиббий ёрдам сифатини ошириш, мураккаб операцияларни мамлакатимизда амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА