Касаба уюшмалари ёш кадрлар салоҳиятини оширмоқда
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ёшлар парламентлараро ассамблеясининг 26-йиғилиши ҳамда МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг 60-пленар йиғини доирасида халқаро ёшлар малака ошириш дастури ташкил этилди.
Беларусь, Қирғиз Республикаси, Россия ва Ўзбекистон касаба уюшмалари вакиллари иштирок этган нуфузли тадбир МДҲ мамлакатлари ёшлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий меҳнат муносабатлари ва ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.

Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг ёшлар учун халқаро малака оширишларни ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланган Ёшлар парламентлараро ассамблеяси йиғилишида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ёшлар кенгаши ¬раиси Қайрат Тороев МДҲ давлатлари ёш ¬кадрлари салоҳиятини ошириш ҳақида маъруза қилди.

Иштирокчилар МДҲ давлатларида меҳнат соҳасидаги қонунчилик, ёшлар сиёсати ва касаба уюшмалари фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Тадбирда “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раисининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Феруза Бозорова йирик саноат корхоналарида меҳнат қилаётган ёш ишчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш, ходимларни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Анжуманнинг марказий мавзуларидан бири сунъий интеллект технологияларини ёшлар сиёсатида қўллаш истиқболлари бўлди. Шунингдек, рақамли хавфсизлик, инновацион иқтисодиёт, платформавий бандлик, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда шахмат дипломатияси каби мавзулар юзасидан ҳам муҳокамалар ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Беҳзод Тўхтамуродов мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасида қабул қилинган миллий стратегиялар, сунъий интеллектни ривожлантириш ва соҳани ҳуқуқий тартибга солиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Делегация аъзолари БМТ Контртерроризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Сунъий интеллект ва янги технологиялардан терроризм ва экстремизм профилактикасида фойдаланишни қонунчилик жиҳатдан тартибга солиш” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам иштирок этишди. Шунингдек, МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг 60-пленар йиғинида соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари, рақамли технологиялар ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга оид қатор масалалар муҳокамасида қатнашдилар.
Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг халқаро майдондаги фаол иштироки юқори баҳоланди. Хусусан, ёшлар лидерлигини ривожлантириш, касаба уюшмалари тизимида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёшлар учун амалий тажриба платформаларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Мутахассислар фикрича, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси томонидан ташкил этилган халқаро малака ошириш дастури ёшлар учун замонавий билим ва тажриба мактаби бўлиб, МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, «халқ дипломатияси»ни ривожлантириш ҳамда меҳнат соҳасидаги илғор таж¬рибаларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Умида ШОДИЕВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси раисининг
ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси,
Ёшлар бўлими мудири