Канн шаҳрида ўтказилган инклюзив фильмлар халқаро фестивали ғолиблари тантанали кутиб олинди
Аввалроқ, Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган 17-халқаро инклюзив фильмлар кинофестивалида Ўзбекистон киноижодкорларининг “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” номли қисқа метражли фильми энг олий мукофотга сазовор бўлгани ҳақидаги хабар кенг жамоатчиликни қувонтирган эди.
Мазкур халқаро муваффақият Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам алоҳида эътироф этилиб, “Халқаро кинофестивалда ғолибликни қўлга киритган ёш ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Унга мувофиқ, Канн шаҳрида ўтказилган инклюзив фильмлар халқаро фестивалида Гран-при совринини қўлга киритган ижодкорлар “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланиши белгиланди. Ушбу қарор соҳа вакиллари ҳамда ижодкорлар томонидан катта мамнуният ва фахр билан кутиб олинди.
Тошкент халқаро аэропортида халқаро кинофестиваль ғолибларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Фестиваль ғолибларини Озодбек Назарбеков, Президент Администрацияси ҳамда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кино ихлосмандлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олди.

Тадбир давомида ғолибларга гуллар топширилиб, уларнинг халқаро майдондаги ютуғи алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида Президент фармонига мувофиқ “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган кинорежиссёрлар Суҳроб Қодиров ва Дилшодбек Усмоновга мукофотлар вазир Озодбек Назарбеков томонидан тантанали равишда топширилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда санъат ва маданиятни ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби эътибор ўзбек киносининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган инклюзив фильмлар халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорларининг Гран-при совринини қўлга киритгани юртимизда кинематография соҳасига қаратилаётган эътибор натижасидир.
Н.Усмонова,
ЎзА