Ер ижара шартномасини узайтириш тартиби соддалаштирилди
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 майдаги 255-сон қарори билан “Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш жараёнини аниқ тартибга солиш, давлат хизматларини соддалаштириш ва аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун қулайлик яратишга қаратилган.
Янги тартибга кўра, ер ижараси муддатини узайтириш истагида бўлган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин.
Аризага аввал расмийлаштирилган ер участкасининг ижара шартномаси илова қилинади. Агар мурожаат бошқа шахс орқали тақдим этилса, ер участкаси ижарачиси номидан берилган ишончнома ҳам талаб этилади.
Регламентга мувофиқ, ижарага берувчи тегишли ваколатли органлардан маълумотларни олганидан сўнг 10 иш куни давомида ер участкасидан мунтазам фойдаланилган ёки фойдаланилмаётгани юзасидан текширув ўтказади.
Шундан сўнг аризани келишиш ёки рад этиш ҳақидаги қарор шакллантирилиб, бу ҳақда ариза берувчига хабарнома юборилади.
Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизи — 4 минг 120 сўм миқдорида йиғим ундирилади.
Ер участкасининг ижара шартномаси туман ёки шаҳар ҳокимлиги томонидан имзолангандан кейин автоматик тарзда ариза берувчига юборилади.
Мазкур тартиб ер муносабатларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА