Канада АҚШ товарларига 50 фоизгача бож жорий этди
Канада АҚШ товарларига нисбатан янги тарифларни қўллаб, қўшни мамлакат билан савдо урушини янада авж олдирди.
Ушбу аксилчоралар Вашингтон томонидан жорий этилган божларга тўлиқ мутаносиб тарзда белгиланди. Оттава Қўшма Штатлардан импорт қилинадиган пўлат, сут маҳсулотлари, қоғоз, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари каби асосий соҳаларга 15%, 25% ва 50% миқдорида бож ставкаларини қўлламоқда.
Вазиятнинг кескинлашувига август ойи охирида икки томонлама савдо музокараларининг муваффақиятсиз якунлангани сабаб бўлди. Шундан сўнг Оқ уй раҳбари Дональд Трамп маъмурияти Канаданинг пўлат, алюминий, ёғоч ва автомобиль эҳтиёт қисмлари каби асосий товарларига 50 фоизлик тарифлар жорий этган эди.
Канада расмийлари ушбу жавоб божлари фақат АҚШда ишлаб чиқарилган товарларга татбиқ этилишини ва қарор кучга кирган куни йўлда бўлган юкларга таъсир қилмаслигини аниқлаштирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА