Германияда намойиш кескин тус олди (+видео)
Германиянинг бир неча шаҳрида ёшлар намойиши чоғи оммавий тартибсизлик юз берди. Иштирокчилар дўконларни талон-тарож қилди, тўсиқларга ўт қўйди, полиция ходимлари билан тўқнашди. Кундузги тадбирларнинг аксарияти тинч ўтган бўлса-да, кечқурун вазият кескинлашди. Бу ҳақда “Euronews” хабар тарқатган.
Шанба куни “Z авлоднинг ўзи ҳал қилади” ҳаракати ташаббуси билан уюштирилган акциядан кейин Франкфурт, Кёльн, Гамбург ва Берлинда тўполон бошланган. Айрим гуруҳлар савдо нуқталари ойнасини синдириб, мол-мулкни талаган. Бир гуруҳ оломон ҳатто қурол-яроқ дўконига ҳам бостириб кирган. Вазиятни назоратга олиш учун полиция бир неча бор сув пурковчи махсус техникадан фойдаланди.
Пойтахтда ҳам кечқурун “Z авлод энди чидаб турмайди!” шиори остида намойиш тартибсизликка айланди.
Маълумки, “Z авлод” деганда бугунги кун ёшларининг салмоқли қисмини ташкил этувчи, рақамли технология даврида вояга етган қатлам тушунилади. Улар Германияда таълим, мажбурий ҳарбий хизмат ва яшаш харажати қимматлиги каби масалалардан норози бўлиб кўтарилган гуруҳ вакилларидир.
Полиция маълумотига кўра, иштирокчилар сони дастлабки 700 нафардан 3 500 га чиққан. Кўчаларда Фаластин тарафдорлари ва аксил фашист гуруҳлар рамзи кўзга ташланган. Айримлар юзини ниқоб билан беркитиб, Германия ва Исроилга қарши, шунингдек аксил капиталистик шиорларни намойиш этди. Оломон полиция ходимларига қарата тош, ёнувчан воситалар ирғитгани ҳам кузатилди. Натижада намойиш муддатидан олдин тўхтатилди.
ГФР ички ишлар вазири тартибсизлик учун сўл гуруҳ ва муҳожирлар орасидан чиққан безориларни айблади. Дўконларни вайрон қилган, зўравонлик содир этган шахсларни аниқлаб, қатъий жазолаш кераклигини таъкидлади.
Германия бўйлаб 30 дан ортиқ шаҳарда жами ўн минглаб ёш қўзғалган.
Дарвоқе, ёшларнинг бундай чиқишлари Францияда ҳам давом этяпти. Шанба кунги тартибсизлик чоғи полиция 500 дан кўп одамни ҳибсга олди.
Ҳозирча олмон юртидаги ҳаракат тўхтади, дейишга эрта. Навбатдаги умумевропа намойиши 20 ноябрга белгиланган. Шу тариқа дастлаб ижтимоий-иқтисодий омиллар сабаб бошланган амалиёт айрим шаҳарларда жиддий хавфсизлик муаммосига айланди.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА