Камол Жафаров: Ўзбекистон – Озарбайжон иттифоқчилиги минтақа келажагини белгиловчи муҳим омил
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда иқтисодий, транспорт ва сиёсий алоқалар ривожига муҳим таъсир кўрсатмоқда.
Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Камол Жафаровнинг таъкидлашича, Боку ва Тошкент ўртасида шаклланган иттифоқчилик минтақадаги иқтисодий тараққиётнинг муҳим таянчларидан биридир.
Депутатга кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларининг юқори босқичга кўтарилиши икки давлатнинг тарихий, маданий ва сиёсий яқинлигининг мантиқий натижасидир.
– Олий давлатлараро кенгашнинг фаол институционал механизм сифатида ишлаётгани, ўзаро ташрифларнинг тизимли тус олгани сиёсий мулоқот юксак даражада эканини кўрсатади. Икки давлат иқтисодий салоҳиятининг бир-бирини тўлдириши ҳамкорлигимизни янада барқарор қилади, – дея таъкидлаган Камол Жафаров.
Унинг сўзларига кўра, Боку ва Тошкент ўртасидаги кенгайиб бораётган ҳамкорлик минтақанинг транспорт ва логистика имкониятларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг Ўрта йўлак билан интеграцияси Евросиё бўйлаб янги транспорт имкониятларини яратмоқда. Яшил энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ушбу жараённинг муҳим йўналишларидан биридир.
Депутат Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этган.
– Озод этилган ҳудудларни тиклашда Ўзбекистоннинг кўрсатган бирдамлиги, таълим ва маданият алмашинувининг кенгайиши, қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши гуманитар соҳада мустаҳкам алоқаларни шакллантирди. Бу ҳамкорлик Туркий давлатлар ташкилотининг умумий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшмоқда, – деди Камол Жафаров.
Камол Жафаровнинг фикрича, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг халқаро платформалардаги ўзаро кўмаги ҳамда туркий дунё бирлигига бераётган эътибори икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик узоқ муддатли хусусиятга эга эканини кўрсатади.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА