Камилла Раҳимова Хитойда бош совринни кўзламоқда
Хитойнинг Пекин шаҳрида аёллар ўртасида давом этаётган WTA 1000 туркумига кирувчи “China Open — 2026” халқаро турнирида Камилла Раҳимова учинчи даврага йўл олди.
Нуфузли мусобақанинг яккалик баҳслари иккинчи даврасида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова канадалик Лейла Фернандес устидан 6:2, 4:6, 6:3 ҳисобида зафар қучди. Дарвоқе, теннисчимизнинг ушбу муваффақияти унга 65 рейтинг очкоси ва 62 минг 865 АҚШ долларини келтирди.
Энди “China Open — 2026” турнирининг учинчи даврасида Камилла Раҳимова АҚШ вакиласи Ива Йович билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА