Кадастр: Сарсон бўлган оилаларнинг хотиржамлиги қайтарилди
Шу кунларда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган хатлов ишлари изчил давом этмоқда.
Хусусан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдаги сессиясида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан амалга оширилган хатлов ишлари натижасига кўра, яна 921 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойлари, улар жойлашган ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқлари эътироф этилди. Шу тариқа, Тошкент шаҳрида мулкий ҳуқуқлари эътироф этилган фуқаролар сони 1 минг 848 нафарга етди.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси Маҳмуджон Азимов бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Бу кўрсаткич шунчаки ҳисоботдаги қуруқ рақамлар эмас. Бу — йиллар давомида ҳужжат сабаб сарсон бўлган оилаларнинг хотиржамлиги, рўёбга чиққан орзулари ҳамда кадастр соҳаси фидойиларининг туну кун олиб борган машаққатли меҳнати маҳсули.

Мазкур халқчил Қонун фуқароларга ўз уй-жойларига бўлган ҳуқуқларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш имконини яратади. Шунингдек, мулкдорлар энди бу уйларини таъмирлаш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун имтиёзли кредитлар олиши, уй-жой жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ҳолларда, қонунга мувофиқ компенсация талаб қилиши мумкин бўлади.

Ҳар бир эътироф этилган ҳуқуқ — фуқаролар хотиржамлиги, оилалар фаровонлиги ва қонуний манфаатлар ҳимоясининг муҳим ифодаси. Бугунги кунга қадар кадастр муҳандислари томонидан Тошкент шаҳри маҳаллаларида жойлашган 92 минг 300 дан зиёд кўчмас мулк объекти тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Кадастр муҳандислари хизмат бейжиги ҳамда махсус кийимда хатлов ишларини олиб боришади. Бу эса нафақат ходимларга, балки фуқаролар учун ҳам қулайлик яратади. Зеро, юртдошларимиз ўз хонадонларига келган кадастрчини нафақат бейжиги, балки махсус расмий кийимлари орқали ҳам таниб олиши мумкин. Хатлов ишлари бепул амалга оширилади.
Яна бир муҳим маълумот: 2027 йилда хатлов қилинадиган маҳаллаларнинг режа-жадвали тасдиқланди. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таклифлари Кадастр агентлиги томонидан умумлаштирилди. Ушбу жадвал билан etirof.kadastr.uz ахборот тизими орқали танишиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан ЎРҚ-937-сон Қонунга бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик БҲМнинг 30 бараваригача бўлган фуқароларга эътироф этилиш имконияти яратилди. Умумий хатлов ва ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари 150 кундан 50 кунгача қисқартирилди ҳамда 20 кун ичида белгиланган тўловнинг 50 фоизини тўлаган шахс қолган 50 фоизини тўлашдан озод этилди.

Агар ер ёки бино-иншоотнинг фақат бир қисми тақиқланган ҳудудда жойлашган бўлса, тақиқланган қисмни чиқариб ташлаган ҳолда қолган қисмига ҳуқуқни эътироф этиш масаласи қайта кўриб чиқилиши мумкин. Ҳуқуқ эътироф этилгандан кейин фуқаро автоматик хабардор қилиниши йўлга қўйилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА