Давлат дастурлари ижроси жамоатчилик эътиборида
Мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва давлат бошқарувида очиқликни таъминлашда стратегик мақсадларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши муҳим аҳамиятга эга.
Бу жараёнда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат сифатида алоҳида ўрин тутади. Унда белгиланган вазифаларнинг амалий натижаларга айланиши эса нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокига ҳам боғлиқ.
Нурафшон шаҳрида ўтказилган давра суҳбати ҳам мазкур муҳим ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, давлат дастурлари ижросида иштирок этаётган маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини ошириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига бағишланди. Тараққиёт стратегияси маркази, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят адлия бошқармаси вакиллари, ННТлар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар мутахассислари қатнашди.

Давра суҳбатида стратегияда белгиланган устувор мақсадларнинг мазмун-моҳияти, уларни ҳудудлар кесимида амалга ошириш, давлат дастурлари ижросини холис баҳолаш ва бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, стратегиянинг аҳамияти, аввало, ундаги мақсадларнинг инсон ҳаётидаги амалий натижалар билан чамбарчас боғлиқлигида намоён бўлади. Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси аҳолининг муносиб турмуш шароити, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, бандлик даражаси ҳамда жамиятдаги фаол иштироки орқали яққол кўринади.
Шу нуқтаи назардан, стратегик вазифалар ижросини фақат умумий кўрсаткичлар билан баҳолашнинг ўзи етарли эмас. Уларнинг маҳаллалар, таълим муассасалари, тиббиёт ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятида қандай акс этаётганини ўрганиш ҳам муҳимдир. Бу эса давлат дастурлари ижросини жойларда таҳлил қилиш, аҳоли фикрини тинглаш ва мавжуд муаммоларни аниқлашни тақозо этади.

Мулоқотда давлат дастурлари ижросига холис баҳо бериш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашда жамоатчилик назоратининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ҳудудларда бажарилишини бевосита жойларга чиққан ҳолда ўрганиш, аҳоли фикрини инобатга олиш ва аниқланган муаммолар бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Жамоатчилик назорати давлат органлари фаолиятини кузатиш билангина чекланмайди. У жамият ва давлат ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳоли манфаатларини ифода этиш, муаммоларга ўз вақтида эътибор қаратиш ва қабул қилинаётган қарорларнинг амалий натижадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Улар фуқароларнинг манфаатларини ифодалаш, турли ижтимоий муаммоларни ўрганиш, аҳоли билан давлат органлари ўртасида мулоқот ўрнатиш ҳамда ижтимоий ташаббусларни илгари суриш орқали ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши мумкин.
Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз нутқида давлат дастурлари ижросини ўрганиш жараёнига ҳудудий ННТларни кенг жалб этиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, ижро жараёнида юзага келаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни биргаликда бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, ҳудудда марказ мутахассислари томонидан ўрганишлар олиб борилиб, уларнинг натижалари асосида умумлаштирилган маълумотлар шакллантирилади. Бу жараёнда жойлардаги мавжуд ҳолатни таҳлил қилиш, муаммоларни тизимлаштириш ва тегишли таклифларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилади.
Давра суҳбати якунида фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, ННТлар фаоллигини ошириш ва давлат дастурлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга доир таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Иштирокчилар Нурафшон шаҳридаги оилавий поликлиника ва тўқимачилик корхонаси фаолияти билан ҳам танишиб, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига оид амалий жараёнларни ўрганди.
А.Мусаев, ЎзА