Журналистнинг қуроли билимдир
Наманганда Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Наманган вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида медиа соҳасининг етук вакиллари – эксперт модераторлар иштирокида “медиа ҳафталик” кунлари бошланди.
Вилоят марказида жойлашган “Маърифат маскани”да ташкил қилинган мазкур анжуманда республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, вилоят, туман ва шаҳар газеталари таҳририятлари муҳаррирлари, маҳаллий ҳокимликларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари, вилоят телерадиокомпанияси масъул ижодий ва техник ходимлари, блогерлар иштирок этмоқда.
Қатнашчилар матбуот, интернет журналистикаси, телерадио йўналишлари бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқув машғуотларига киришдилар.
Тадбир аввалида Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов, вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Илҳомжон Жўрабоев, “Менинг юртим” телеканали бош муҳаррири, контент маркази эксперти Юлдуз Олимова медиа ҳафталикдан кўзда тутилган мақсад-вазифалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтишди.
[gallery-29486]
Қайд этилганидек, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда тараққиётнинг асосий шарти сифатида коррупциянинг олдини олиш тақозо этилади. Бунинг учун соҳаларни рақамлаштириш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш муҳим ўрин тутади. Бу борада оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёс.
Қолаверса, дунёда шиддат билан кечаётган гиосиёсий ўзгаришлар жараёнида бугун қўлга қурол олиш шарт эмас, одамларнинг ижтимоий онгига турли ахборот хуружлари орқали таъсир кўрсатиш ҳеч гап эмас. Айни шу вазиятда ҳар бир медиа тузилмаси – босма нашр, интернет, телевидения ва радио миллий контент маҳсулотларини ўз ўқувчиларига сифатли ҳамда мазмунли етказа олиши ҳозирги кундаги долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Тажрибали мутахассислар ва медиа экспертлар томонидан олиб борилаётган машғулотларда сунъий интеллект ва медиа фактчекинг, медиахавфсизлик, контент стратегияси, мобилография ва визуал сторителлинг, аудитория билан ишлаш сирлари, “Smm” ва замонавий медиа трендлар, реал кейслар ва тажриба алмашувига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, очиқ мулоқот шаклидаги суҳбатлар давомида ўзаро фикр-мулоҳазалар, ҳаётий тажрибалар алмашилмоқда.
Айниқса, газета-журналлар таҳририятлари ва интернет сайтлари мухбирлари ҳамда шаҳар, туман ҳокимликларининг матбуот котиблари иштирокидаги гуруҳда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг шарҳловчиси, модератор Икром Аввалбоев томонидан олиб борилган назарий-амалий машғулотлар қизғин кечди.
“Ислоҳотлар жараёнини ёритишнинг муҳим йўналишлари”, “Ўзбекистон-2030” стретегиясидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар”, “Таҳририятларни бошқариш”, “Халқаро тажриба: глобал стандартлар”, “Ижтимоий тармоқ ва изоҳлар”, “Журналистлар учун ҳуқуқий хавф ҳудуди” каби интерактив мавзулардаги маърузалар теварагида анжуман иштирокчилари ўзаро мулоҳа ва баҳс-мунозараларга киришди.
– Очиғини айтиш керакки, анчадан бери мана шундай креатив тренингда иштирок этмаган эдим. Медиа ҳафталик илк кунидаёқ қизиқарли мавзулари ва биз учун фойдали маълумотларга бойлиги билан эътиборимизни тортди, – дейди “Наманган садоси” газетаси муҳаррирининг ўринбосари, “Namangantoday.uz” сайти раҳбари Санжарбек Ҳамидов. – Айниқса, замонавий медиа воситаларида менежментни жорий этиш, таҳририятни қандай услубларни қўллаган ҳолда ривожлантириш борасида малакали модераторлардан амалий тавсиялар олдик. Корея, Хитой, Туркманистон мамлакатларида бўлиб ўтган халқаро медиа тадбирларида юз берган ҳолатлар юзасидан кейслар қайд этилди. Ўйлайманки, медиа ҳафталик ўзининг кутилган ижобий натижаларини беради.
Республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ўтказиб келинаётган медиа ҳафталик ўқишлари Наманган вилоятида шу йилнинг 22 майига қадар давом этади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА