СЕНАТ: ялпи мажлисдаги энг муҳим масалалар (+видео)
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлис кун тартибидан мамлакат тараққиёти, жамият ривожи, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим масалалар ўрин олди.
Ялпи мажлисда бугунги мураккаб даврда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳар бир мамлакат олдидаги энг устувор вазифа эканига эътибор қаратилди.
– Давлатимиз раҳбари бошчилигида кечаётган трансформация жараёнлари натижасида кейинги йилларда миллий иқтисодиётимиз қарийб уч баробарга ўсди, - деди Сенат раиси Т.Норбоева. – Ҳар бир оила, ҳар бир инсон ҳаётини яхшилашга устувор эътибор қаратилгани боис камбағаллик даражаси 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга пасайди. Мамлакатимиз кейинги ўн йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган бешта давлатдан бири бўлди. Ислоҳотларни изчил давом эттириш орқали яқин беш йилда даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинган. Бунинг учун барча имкониятларимиз бор ва улар тўлиқ сафарбар этилган. Буни халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда. Халқаро валюта жамғармаси эътирофига кўра, юқори иқтисодий фаоллик орқали мамлакатимиз кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолмоқда. Нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.
[gallery-29481]
Бундай эътирофлар Бухорода 20 дан ортиқ хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакилларини жамлаган Осиё хотин-қизлари иккинчи форуми ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг мажлисида ҳам янгради.
Ялпи мажлисда маъқулланган электрон тижоратга оид қонун билан трансчегаравий электрон тижоратда солиқ тушумлари йўқотилишининг олди олинади.
Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Битимига мослаштиришга қаратилган қонун билан миллий фитосанитария тизими халқаро талабларга мувофиқлаштирилади.
Бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга оид қонун билан “боланинг энг устун манфаатлари” тушунчасининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра, автомобиль бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асос яратилди.
Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга оид қонун билан Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ваколатлар Маданий мерос агентлигига, номоддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ ваколатлар эса Маданият вазирлигига тегишли экани белгиланди.
Одил судловга эришиш даражасини оширишга оид қонун билан экстерриториал судлов тартиби жорий этилмоқда.
Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга оид қонун билан бу борадаги жавобгарлик кучайтирилди. “Ғайриқонуний нарколаборатория” ташкил этганлик ва унинг фаолиятини таъминлаганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланди. Гиёҳвандлик воситаларини Интернет тармоғи орқали тарқатиш ва тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қонунга киритилди.
Рақамли маркировкалашга оид қонун билан товарларни маркировкалаш тизими жорий этилади. Бу истеъмолчиларни сифатсиз, сохта маҳсулотларни сотиб олишдан ҳимоялашга хизмат қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимиятига оид қонунга кўра, кенгашларнинг ижтимоий мавқеини оширилмоқда. Ҳудудий муаммоларни ҳал этишда вакиллик назоратининг таъсирчанлиги кучайтирилмоқда.
Айрим қонун ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар билан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга тўсқинлик қилувчи омиллар бартараф этилмоқда. Тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар учун моддий ва ҳуқуқий кафолатлар кенгайтирилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YV5qq38knW4" title="SЕNAT: yalpi majlisdagi eng muhim masalalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ялпи мажлиснинг биринчи иш куни якунига етди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео),
Салим Обиджонов (монтаж), ЎзА