Қатағон қурбонлари хотираси — тарих ва ибрат
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳар йили мамлакатимизда Мустақиллик байрами арафасида халқимиз озод ва эркин ҳаёт кечириши учун курашган, шу йўлда жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш эзгу анъанага айланиб бормоқда.
31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида юртимизда кенг нишонланади. Фарғона давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи эса халқимизнинг машаққатли ва мураккаб тарихини ўрганиш, тарихий хотирани асраш ва ёш авлодга етказишда муҳим маънавий-маърифий масканлардан бири ҳисобланади.
Музейда илмий-тадқиқот ва экспозиция, тарғибот, маънавий-маърифий, фонд ҳамда нашр ишлари изчил йўлга қўйилган. Бу ерда қатағон йилларига оид тарихий ҳужжатлар, архив материаллари, китоблар, суратлар, фотолавҳалар ва турли экспонатлар жамланган.
— 2017 йилдан буён вилоятдаги архив идоралари, фаол ва фидойи ҳамюртларимиз билан ҳамкорликда юртимиз тарихининг турли даврларидаги қатағонларни акс эттирувчи ноёб ва муҳим манбалар жамланди, - дейди музей директори Собиржон Сиддиқов. — Музей экспозицияларида тарихий ҳужжат ва маълумотлар, китоблар, суратлар, фотолавҳалар ҳамда турли экспонатлар алоҳида бўлимлар асосида жойлаштирилган. Шунингдек, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, бугунги тараққиёт ва замондошларимиз фаолиятига бағишланган материалларга ҳам кенг ўрин берилган.
Бугун музей фондлари нафақат юртимиз, балки хорижлик тарихчи олимлар ва тадқиқотчилар, ўз яқинлари ҳамда аждодлари тақдирини ўрганаётганлар учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Германия, Малайзия, Туркия, Покистон, Россия ва Марказий Осиё давлатларидан кўплаб меҳмонлар музейга ташриф буюрди. Улар билан ўтказилган учрашувлар давомида тарихий меросни ўрганиш ва илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувларга эришилди.
Музей ходимлари томонидан таълим муассасалари, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари ҳаёти ва тақдирини ўрганиш, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
[gallery-31146]
Музейда қутлуғ саналар ва муҳим воқеалар муносабати билан ташкил этилаётган кўргазмалар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар халқимизнинг оғир ва мураккаб тарихини чуқур англаш, аждодлар хотирасини эъзозлаш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, истиқлол неъматини янада теран ҳис этишга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА