Журналистлар “Greencoode Lazer” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки резиденти “Greencoode Lazer” корхонасига оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
“Яшнобод” инновацион технопарки резидентлари ўз инновацион лойиҳалари билан кимё технологиялари, биотехнологиялар, фармацевтика ва тиббиёт биотехнологиялари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, ахборот коммуникация технологиялари каби йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.
Ҳозирги кунга қадар резидентлар томонидан 710 та янги иш ўрни яратилган. Шу билан бирга, 407 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, мамлакатимиз ички бозорига сотилган. 3,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига экспорт қилинган.
“Greencode Lazer” корхонаси текис штанцформалар ва ротацион штанцформалар ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиздаги етакчи субъектлардан.
[gallery-6142]
Пресс-турда таъкидланишича, Ўзбекистонда текис штанцформа ишлаб чиқарувчи 5-6 та корхона мавжуд, холос. Боиси, у соҳа жуда катта масъулиятни талаб қилади. Яъни, маҳсулотнинг баҳоси уни нотўғри ясаш орқали келадиган зарар суммасидан бир неча баробар кичик. Бу дегани, битта штанцформа билан 10-15 миллион сўмлик маҳсулот брак ҳам бўлиши мумкин. Штанцформа баҳоси эса 1 миллион сўм. Ушбу бозорга киришга кўпчиликнинг қўрқиши ҳам шундан.
Ротацион штанцформаларнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши эса мамлакатимизда 10-20 фоизни ташкил қилмоқда.
Журналистлар ташриф буюрган корхона ушбу лойиҳа билан 7 йилдан буён шуғулланади. Корхонанинг етарлича мижозлар базаси ва амалдаги шартномалари мавжуд. Ишлаб чиқаришга янги технологияларни жалб этган ҳолда фаолият миқёсини ошириш ва экспортга ишлаш имкониятини кенгайтириш эса келгуси режалардан.
Лойиҳа доирасида ҳали Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган ротацион штанцформаларга ишлов берувчи Жанубий Кореянинг R-Pro Easy-Bender ускунасини ўрнатиш кўзда тутилган. Ушбу ускунанинг афзаллиги шундан иборатки, бунда гофралистни гофрақутига айлантириш жараёни 10 мартагача тезлашади. Ҳозирда маҳсулотни тайёрлаш жараёни ярим автомат усулда, яъни қўл меҳнати ёрдамида бажарилаётган бўлса, янги технология ушбу жараённинг тўлиқ автоматлаштириш, шу билан бирга сифат кўрсаткичининг яхшиланиши имконини беради.
Таъкидланганидек, корхона нафақат янги маҳсулотда, балки ишлаб чиқаришни ташкил этишда масофадан назорат қилинадиган юқори технологик цехни ташкил қилишни режалаштирган. Бунда буюртмаларни қабул қилиш, етказиб бериш онлайн ва автоматик тарзда бўлади. Шунингдек, ҳар хил турдаги датчиклар ва сенсорлар ёрдамида ишлаб чиқариш жараёни самарадорлиги оширилади.
Ушбу ротацион штанцформаларни ишлаб чиқарилиши натижасида, ўз-ўзидан маҳсулотга бўлган талаб ҳам ортади. Ундан фойдаланиш маблағни етарли даражада иқтисод қилишини ҳисобга олиб, корхоналар ўз ускуналар базасини янгилайди.
Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА