Жон Легенд Регистонда куйлайди
Шу йилнинг 8 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида дунёнинг энг машҳур мусиқачи ва қўшиқчиларидан бири Жон Легенднинг концерт дастури намойиш этилади.
Ҳақиқий исми Жон Рожер Стивенс бўлган Жон Легенд америкалик қўшиқчи, бастакор, пианиночи ва продюсер ҳисобланади. У 1978 йилда АҚШнинг Массачусетс штати Спрингфиелд шаҳрида туғилган.
Жон Легенд сол, R&B ва поп жанрларидаги қўшиқлари билан танилган. Бетакрор овози ва пианино ижроси уни замонавий мусиқанинг энг нуфузли қўшиқчиларидан бирига айлантирган. Бир неча марта “Гремми”, “Оскар”, “Тони” ва “Эмми” мукофотлари совриндори бўлган.
Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилаётган концерт дастури мамлакатимизни нуфузли глобал тадбирлар ўтказиладиган жой сифатида тарғиб қилиш ҳамда юртимизнинг туризм салоҳиятини янада оширишда хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 18-19 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида Самарқандда туризмни янада ривожлантириш учун жорий йилда дунёга машҳур бўлган камида 5 нафар санъаткорнинг гастролини, шунингдек, ўндан ортиқ бизнес форум ва мода фестивалини ташкил этиш юзасидан топшириқ берган эди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА