Cопол ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарда қонунбузарликлар аниқланди
Сурхондарё вилоятида фаолият юритувчи айрим сопол ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарда стандарт талабларига риоя этилмагани аниқланди. Ҳолат юзасидан масъулларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилиб, материаллар судга юборилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги назорат инспекциясининг Сурхондарё вилояти бўлими томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси мурожаати асосида Sh.S.O ҳамда S.M.R МЧЖларда давлат назорати текшируви ўтказилди.
Текширув давомида Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя этилмагани маълум бўлди. Хусусан, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар белгиланган тартибда тамғаланмагани, шунингдек, сифат гувоҳномаси расмийлаштирилмасдан реализация қилингани аниқланган.
Қайд этилишича, аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан корхона масъулларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли ҳужжатлар суд органларига юборилган.
Бундан ташқари, стандарт талабларига номувофиқ маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш бўйича тегишли тақдимнома киритилган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА