Жомадон тайёр, йўл узоқ: 15 000 одам ватанига қайтмоқда
Жанубий Африканинг Дурбан шаҳри атрофидаги муваққат қўналғаларда минглаб одам ватанига қайтиш учун навбатда турибди. Жомадон кўтарган эркак, аёл ва болалар навбатдаги автобус келишини кутар экан, ҳудуддаги манзара тобора инсонпарварлик инқирозини эслатмоқда.
Расмий маълумотга кўра, ҳозирга қадар репатриация жараёнига жалб этилган 15 000 дан кўп Малави фуқароси аксариятининг ҳужжати муддати ўтган ёки мамлакатда қолиш учун зарур рухсатнома мавжуд эмас.
Кўнгиллилар узундан-узун навбат оралаб сув, озиқ-овқат тарқатаётган бўлса-да, аҳоли зичлиги юқорилиги сабаб шароит янада оғирлашаётгани кузатилмоқда. Айрим ҳудудларда санитария хизмати етишмаслиги, чиқинди тўпланиши ҳам муаммони кучайтирган.

Вазият сўнгги ҳафталарда муҳожирларга қарши кайфият кучайган бир пайтга тўғри келди. Хорижликларга қарата эҳтимолий ҳужум ҳақидаги хабарлар ортидан хавфсизлик чораси кучайтирилган. Минтақадаги бир неча давлат ўз фуқароларини ихтиёрий равишда қайтара бошлаган. Расмийлар жараён тартибли ва хавфсиз ташкил этилишига ишонч билдирмоқда.
Кузатувчилар фикрича, бу ҳолат Африка жанубида меҳнат миграцияси, ишсизлик ва чегара назорати билан боғлиқ муаммо янада долзарблашаётганини кўрсатмоқда. Минглаб инсон учун ҳозир асосий муаммо ортга қайтиш эмас, балки ўз юртида ҳаётини қандай қилиб изга тушириб олиш масаласи билан боғлиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА