Британия бошпана изловчиларга 10 000 фунтлик мажбурий тўлов жорий этмоқчи
Буюк Британия ҳукумати ноқонуний миграцияга қарши кураш доирасида мамлакатдан бошпана сўраётган шахсларга доимий яшаш ҳуқуқи берилишидан олдин давлат томонидан кўрсатилган уй-жой ва бошқа асосий эҳтиёж харажати учун тахминан 10 000 фунт стерлинг, тахминан 13 222 доллар миқдорида ҳақ тўлаш мажбуриятини юкламоқчи.
Мамлакат ички ишлар вазири Шабона Маҳмуд маълум қилишича, ушбу янги чора давлат бюджети ва маҳаллий солиқ тўловчилар зиммасидаги молиявий юкни сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берган.
Мулозим халқ саховатидан баҳраманд қочқинлар муайян ҳуқуқдан фойдаланиши баробарида жамият олдидаги масъулиятини ҳам ҳис этиб, давлат сарфини қоплашда иштирок этиши лозим. Мазкур тартиб фақат молиявий жиҳатдан тўлов қобилиятига эга вояга етган шахсларга нисбатан қўлланиши кўзда тутилган. Вояга етмаганлар ушбу мажбуриятдан озод. Шунингдек, қонун лойиҳаси ортга қайтиш кучига эга эмас, яъни аввал бошпана олганларга дахл қилмайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА