Жиззахда устозлар меҳнати юксак қадрланди
Жиззах вилоятида Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги анжуманлар саройида ўтказилган тадбирда таълим-тарбия соҳасида самарали меҳнат қилиб, ёш авлодга сифатли билим бериш, уларнинг салоҳиятини юксалтириш ва камол топишига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи педагоглар иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев устоз ва мураббийларни касб байрами билан самимий муборакбод этди.
– Сиз азизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг машаққатли ва шарафли касбга бағишлаб келаётган барча вилоятимиз педагогларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман, – деди вилоят ҳокими.

Мамлакатимизда таълим-тарбия сифатини ошириш, ўқитувчилар нуфузини юксалтириш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жиззах вилоятида ҳам замонавий таълим муҳитини яратиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Байрам тадбирида ана шу саъй-ҳаракатларнинг самаралари, устозларнинг таълим соҳасидаги фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди. Президент фармонига мувофиқ, бир гуруҳ жиззахлик педагоглар давлат мукофотлари билан тақдирлангани таъкидланди.

Жумладан, Зомин туманидаги 1-мактаб жамоатчилик кенгаши раиси Исматулла Раимовга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони берилди. Жиззах давлат педагогика университети табиий фанлар факультети декани Зуҳра Яхшиева I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан, Янгиобод туманидаги 7-мактаб директори Талъат Сулаймонов, Дўстлик туманидаги 10-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Барно Алибаева ҳамда Шароф Рашидов тумани ихтисослаштирилган мактабининг информатика фани ўқитувчиси Ҳасан Ғиёсов “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Шунингдек, тадбирда “Йил ўқитувчиси – 2026” касбий кўрик-танловида Жиззах вилоятидан ғолибликни қўлга киритган устозларга 616 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.
Педагогларни моддий ва маънавий рағбатлантириш борасидаги эзгу анъана ҳам давом эттирилди. Жумладан, битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичлари юқори бўлган 3 та туманга 100 миллион сўмдан, 13 та мактабга 100 миллион сўмдан ва 13 нафар синф раҳбарига 30 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди.

Таълим соҳасига қаратилаётган эътиборнинг амалий натижалари ҳам салмоқли. Сўнгги ўн йилда вилоятда мактабгача таълим билан қамров даражаси 16 фоиздан 79 фоизга, мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови эса 7 фоиздан 40 фоизга етди.
Жорий йилда 1318 нафар битирувчи олий таълимга кириш имтиҳонларида 150 баллдан юқори натижа қайд этган бўлса, 304 нафари 189,9 балл тўплади. Бу натижа Жиззах вилоятининг республикадаги юқори кўрсаткичларга эга ҳудудлар қаторида эканини кўрсатмоқда.

Тантанали тадбирда педагогларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар ҳам эълон қилинди. Унга кўра, ўқув йили якунида вилоятдаги энг яхши 100 нафар фан ўқитувчисига мамлакатимиздаги нуфузли сиҳатгоҳларда дам олиш учун бепул йўлланмалар ажратилади. Шунингдек, 1 минг нафар фаол педагогнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилади.
Республика ёки халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиси биринчи ўринни эгаллаган устозларни хорижий давлатларга саёҳатга юбориш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.

Тадбир якунида фаол педагогларга ташаккур билдирилиб, байрам совғалари топширилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири