Мансабдор ва тегишли мақомга эга шахслар асоссиз таъқиб ва босимлардан ҳимоя қилинади
Амалдаги қонунчиликда тегишли мақомга эга бўлган шахсларнинг дахлсизлигига оид нормалар турли соҳавий қонунларда тарқоқ ҳолда мавжуд бўлиб, уларни қўллашда ягона процессуал тартибнинг йўқлиги амалиётда муаммоларни келтириб чиқарган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун анашу масала ечимига қаратилган.
– Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга муҳим тузатишлар киритилмоқда, – деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Зумрад Бекатова. – Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар янги боблар билан тўлдирилиб, дахлсизликка эга шахслар доираси (депутатлар, судьялар, Омбудсман, прокурорлар, комплаенс хизмати ходимлари, адвокатлар ва бошқалар) аниқ тизимлаштирилди.

Ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш, розилик олиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш, тинтув ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишнинг ваколатли субъектлари ва қатъий тартиби белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун мансабдор ва тегишли мақомга эга шахсларни асоссиз таъқиб ва босимлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини мустақил бажаришини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида суиистеъмолликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА