Жиззахда истиқлол тантаналари давом этмоқда
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири юксак руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда. Бу йилги шодиёна учун яқинда бунёд этилган замонавий “Мустақиллик боғи”даги муҳташам амфитеатр танлангани байрамга алоҳида файз ва салобат бағишлади.
Тантанали маросимда Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, вилоят аҳлини қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди. У ўз табригида истиқлол йилларида мамлакатимиз, хусусан, Жиззах воҳасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, эл-юрт фаровонлиги ва ҳудуд тараққиёти йўлидаги эзгу ташаббусларни алоҳида эътироф этди.
Айни пайтда байрам манзилидаги муҳташам саҳна Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўлини тараннум этувчи мусиқий ва саҳнавий чиқишлар билан жонланди. Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини ифода этган куй-қўшиқлар, дилбар рақслар, ҳарбий намойишлар ҳамда мазмунли саҳна кўринишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.


Байрам дастурининг ҳар бир чиқишида истиқлолнинг инсон ҳаётидаги беқиёс қадри, озод ва эркин юртда яшаш бахти, Ватан равнақи учун фидокорона меҳнат қилиш ғоялари ўзининг ёрқин ифодасини топди. Саҳнада янграган жўшқин куйлар ва дилдан янграган қўшиқлар эса бир мақсад — муқаддас Ватанга муҳаббат туйғусини янада юксалтирди.


Мустақиллик миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдевори, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги эзгу ишларимизнинг асоси ва келажак авлодларга безавол етказилиши лозим бўлган буюк қадриятдир. Шу боис юртимизнинг энг улуғ айёмига бағишланган тадбирлар нафақат шодиёна, балки истиқлол йилларида босиб ўтилган шарафли йўлга назар, бугунги ютуқларни қадрлаш ва келажак мақсадларни белгилаш палласи сифатида ҳам аҳамият касб этди.


Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида ҳам ана шу эзгу руҳ, улкан ишонч ва юксак мақсадлар алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганини қайд этиб, келгуси ўн йиллик миллий юксалиш даври бўлишини таъкидлади.
Президент табригида истиқлолнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлаётгани, халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ва давлат билан халқ бирдамлиги бугунги натижаларнинг асосий омили эканига урғу берилди. Таълим, тиббиёт, иқтисодиёт, илм-фан, замонавий технологиялар, экология, адолат, маҳалла ва ташқи сиёсат каби муҳим йўналишларни қамраб оладиган янги миллий дастурлар эса тараққиётнинг кейинги босқичи учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилди.

Жиззахдаги байрам тантанасида ҳам ана шу ғоялар — ягона мақсад атрофида жипслашиш, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, эртанги кунга катта ишонч билан қараш туйғулари намоён бўлди.
Зеро, Президент таъкидлаганидек, 35 йиллик мустақил тараққиёт халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи бщлмаслигини таъкидлади. Бу ишонч Жиззах аҳлининг байрамона кайфияти, янги бунёдкорлик қиёфаси ва келажакка интилишида ҳам яққол кўзга ташланди.
Тантанали дастурнинг якуний қисмида Ўзбекистон халқ артисти Севара Назархон ижросидаги “Ватаним” қўшиғи янгради. Унда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва истиқлолнинг беқиёс неъмат экани тараннум этилди. Мусиқа садолари остида байрамнинг энг таъсирчан лаҳзалари яна бир бор намоён бўлди.


Шодиёна якунида осмонни ранг-баранг шуълаларга буркаган мушакбозлик Жиззах узра ўзига хос ёрқин манзара ҳосил қилди. Амфитеатрда жам бўлган юртдошлар ушбу бетакрор томошани катта қувонч ва кўтаринки кайфият билан қарши олдилар.
Байрам тадбирлари вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири